Немис журналистлари «Баба Яга» ҳайкали орқали Россия армиясининг машғулот лагерини топди
Ушбу суриштирувни NDR телеканалининг «Rabbit Hole» лойиҳаси тайёрлади ва у марказий «Tagesschau» янгиликлар дастурида эфирга узатилди. Журналистлар бир неча ҳафта давомида ёлланма аскарларнинг ижтимоий тармоқларини, рекрутинг агентликларининг постларини ва ҳарбий хизматга чақирувчи рекламаларни ўрганиб чиқди.
NDR маълумотларига кўра, илгари Россия армиясига асосан Африкадан аскарлар ёлланган бўлса, эндиликда Индонезия, Малайзия ва Камбоджа фуқаролари жалб қилинмоқда. Уларга ойига 3500 долларгача маош ва 30 000 доллар миқдорида бонус ваъда қилиняпти. Бироқ янги келганлар кўпинча «тўп еми»га айланиб, фронтда дастлабки кунлариёқ ҳалок бўлмоқда.
Суриштирув муаллифлари чет элликларни Россияга ишга, аслида эса урушга жалб қилувчи «WorkVia» рекрутинг компанияси фаолиятини ўрганишди. Журналистлар фирма менежери Кристина билан боғландилар. У компания чет элликлар билан тузилган шартномаларни тўғридан-тўғри Россия Мудофаа вазирлигига юборишини маълум қилди.
Фронтга жўнатишдан олдин «WorkVia» ёлланма аскарларни машғулот лагерига юборади, у ерда кўпчилик ўша «Баба Яга» ҳайкали билан бирга суратга тушади. Ушбу жойни топиш учун журналистлар Россиядаги юзлаб пионер лагерлари ва дам олиш масканларини, шунингдек, мамлакат бўйлаб ўнлаб эртак қаҳрамони ҳайкалларини ўрганиб чиқдилар.
Кўп кунлик қидирувлардан сўнг, бу Ярославл вилоятидаги «Ясные зори» санаторийси экани аниқланди. Баба Яга ҳайкалигина эмас, балки товуқ оёқли кулба, ўрмон сўқмоқлари, фойедаги диванлар ва бинолар фасадлари ҳам мос келди.
Маълум бўлишича, Россия оммавий ахборот воситалари бу санаторийда «эркакларни махсус ҳарбий операцияга юборадиган марказ очилгани» ҳақида очиқ хабар берган эди. У ерда, шунингдек, Украинадаги уруш қатнашчилари ҳам дам олишади, дейилади хабарда.
