Трамп 60 давлатга янги божлар жорий этди, жаҳон ОАВ буни савдо уруши давоми деб баҳоламоқда

Трамп 60 давлатга янги божлар жорий этди, жаҳон ОАВ буни савдо уруши давоми деб баҳоламоқда

АҚШ президенти Дональд Трамп Европа Иттифоқи ва яна 59 та давлатдан импорт қилинадиган маҳсулотларга янги тарифларни кучга киритди. Янги божлар Россия, Хитой, Ҳиндистон, Канада ва бошқа қатор мамлакатларга ҳам татбиқ этилмоқда.

Халқаро оммавий ахборот воситалари бу қарорни Трампнинг АҚШ Олий суди чекловларига қарамай, савдо уруши сиёсатини давом эттиришга қаратилган навбатдаги қадами сифатида баҳоламоқда.

Франциянинг Le Monde нашрига кўра, янги тарифлар аввалгиларидан деярли фарқ қилмайди ва улар мажбурий меҳнатга қарши кураш шиори остида жорий этилган бўлса-да, амалда Трампнинг савдо сиёсатини давом эттиришга хизмат қилмоқда.

Bloomberg эса мазкур чораларни Трампнинг протекционистик тариф сиёсатини қайта тиклашга қаратилган энг кенг қамровли ҳаракати деб атади. Нашр таъкидлашича, янги тарифлар импорт қилувчилар томонидан судларда ҳам баҳсли масалага айланиши мумкин.

Канаданинг CBC телеканали АҚШ маъмурияти Олий суд бекор қилган аввалги тарифлар ўрнига янги ҳуқуқий асос топганини ёзди. Нашрга кўра, мажбурий меҳнат мавзуси Трамп маъмурияти тарифларни асослаш учун қўллаётган навбатдаги муҳим далилга айланган.

Ҳиндистоннинг Press Insider нашри эса янги қарор доирасида 60 та савдо ҳамкори нишонга олинганини, Ҳиндистон эса қўшимча 10 фоизлик импорт божларига дуч келаётганини қайд этди.

Таҳлилчилар фикрича, янги тарифлар халқаро савдо муносабатларидаги кескинликни янада кучайтириши ва жаҳон иқтисодиётига қўшимча босим ўтказиши мумкин.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: