Туғилишда қизлар ва ўғил болалар нисбати қандай?

Туғилишда қизлар ва ўғил болалар нисбати қандай?

Туғилиш ҳақида гап кетганда доим эътибор берилиши керак бўлган яна бир жиҳат бу ўғил болалар ҳамда қизлар нисбатининг қандай ўзгараётганлиги ҳисобланади. Зеро, ҳозирги кунда кўплаб мамлакатларда турмуш қуруш ёшида катта дисбаланс шаклланган (бунга Хитой яққол мисол). Шу сабабли туғилишда ўғил болалар ҳамда қизлар ўртасидаги фарқ ўзининг табиий даражасида (тахминан ҳар 100 та қизга 105 та ўғил бола) шаклланиши муҳим аҳамият касб этади.

Мамлакатимизда иккинчи чоракда ҳар 100 қизларга 107,4 та ўғил болалар дунёга келган. Нисбат биринчи чоракка нисбатан 1,1 бандга ошган. Лекин таъкидлаш керакки, биринчи чорак кўпроқ мавсумий характерга эга яъни бошқа йилларнинг айни биринчи чорагида ўғил болалар ҳамда қизлар ўртасидаги нисбат бошқа чоракларга нисбатан пастроқ шаклланган.

Ўтган йилнинг мос даври ёки 2024 йилнинг мос чораги билан таққослаганда эса нисбатан бироз пасайганлигига гувоҳ бўлиш мумкин. Лекин нисбат ҳалигача ўзининг табиий даражасидан юқори шаклланмоқда.

Республика даражасида ўғил болалар ҳамда қизлар ўртасидаги фарқ ўзининг табиий даражасида уқадар юқори бўлмаса-да, туманлар кесимида кескин фарқларни кузатиш мумкин.

Масалан иккинчи чоракда Томди туманида туғилган ҳар 100 та қизга қарийб 163 та ўғил бола тўғри келган. Шунингдек, Сўх (ўғил болалар 49,1 фоизга кўпроқ), Янгиобод (+43,1 фоиз), Конимех (+33,8 фоиз) каби туманларда нисбатнинг энг юқори даражаси қайд этилган.

Ғозғон шаҳрида эса туғилган ҳар 100 та қизга 65 та ўғил бола тўғри келган. Шунингдек, Учқудуқ ( туғилишда ўғил болалар 17,9 фоизга камроқ), Нурота (-13,7 фоиз), Янгибозор (-13,3 фоиз) каби ҳудудларда қиз болалар энг юқори нисбатда туғилган.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: