Яман ҳусийлари Қизил денгизнинг жанубий қисмидан ўтувчи тижорат кемаларидан бож ундиришни кўриб чиқмоқда

Яман ҳусийлари Қизил денгизнинг жанубий қисмидан ўтувчи тижорат кемаларидан бож ундиришни кўриб чиқмоқда

Бу ҳақда Reuters агентлиги вазиятдан хабардор манбаларига таяниб маълум қилди.

«Бу режа ҳусийлар Саудия Арабистонига қарши денгиз блокадасини эълон қилганидан бир ҳафта ўтиб ўртага чиқди. Эрон томонидан қўллаб-қувватланувчи ҳусийлар 20 июл куни Саудия Арабистонига қарши денгиз блокадасини эълон қилганди. Бу орқали ҳусийлар Яқин Шарқдаги урушда АҚШ ва унинг иттифоқчиларига қарши янги фронт очди ҳамда энергия ташувчи танкерларга ҳужумларни кенгайтирди», дейилади хабарда.

Манбаларнинг айтишича, ҳусийлар Боб ал-Мандеб бўғозидан ўтадиган аксарият кемалардан ҳақ олиш вариантини ўрганмоқда. Бу бўғоз Қизил денгиз ва Адан кўрфазини боғлайди. Бож тизими қачондан кучга кириши ҳозирча номаълум. Ҳусийларнинг матбуот хизмати бу бўйича изоҳ бермади.

Июл ойида ҳусийлар вакиллари оятуллоҳ Али Хоминаийнинг дафн маросимида қатнашиш учун Эронга борди. Reuters манбаларига кўра, Эрон расмийлари улар билан Боб ал-Мандебдан ўтиш учун ҳақ жорий этиш масаласини муҳокама қилган. Теҳрондан қайтган ҳусийлар билан бирга Эрон маслаҳатчилари ҳам келган. Улар Боб ал-Мандеб орқали тўловлар ундиришни тартибга солувчи махсус органни ташкил этишда ёрдам бермоқда.

Бундай қадамдан мақсад халқаро сув йўлларидан ҳақ олишни одатий ҳолга айлантириш ва АҚШга босимни оширишдир. Манбаларнинг қўшимча қилишича, Хитой кемалари бу тўловлардан озод этилади ва ҳусийлар бу келишувни қўллаб-қувватламоқда. Аввалроқ Хитой ҳусийлар билан тўғридан тўғри музокаралар ўтказган эди. Мақсад Хитой танкерларининг Қизил денгизда ҳужумларсиз сузиб ўтишини таъминлаш. Хитой Саудия Арабистони нефтининг дунёдаги энг йирик харидори ҳисобланади.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: