Дунёни мафтун этган Истанбул мушуклари ҳақида қизиқарли фактлар
Истанбул деганда кўз олдимизга қуёш нурларида товланаётган Босфор, маҳобатли Ая София ёки денгиз бағрида қад ростлаган мафтункор Қиз минораси келади. Кимдир Истиқлол кўчаси бўйлаб оҳиста ҳаракатланаётган носталжик қизил трамвайни, яна кимдир шаҳар манзарасига кўрк бағишлаб турган Галата минорасини тасаввур қилади. Паромда Босфор бўйлаб сайр қилганлар эса қўлидаги симитдан чағалайларга улашган завқли онларини эслаши мумкин. Аммо Истанбулнинг яна бир севимли тимсоли борки, уни бу манзаралардан айро тасаввур қилиш қийин — бу шаҳарнинг ёқимтой мушуклари.
Асрлар давомида мушуклар Истанбул ҳаётининг ажралмас қисми бўлиб келган. Бугун улар машҳур тарихий обидалар сингари шаҳарнинг ўзига хос рамзларидан бирига айланган. Сўнгги йилларда эса Истанбул мушуклари ижтимоий тармоқлар орқали миллионлаб инсонларнинг меҳрини қозониб, бутун дунёга танилди. Эндиликда улар шаҳарнинг энг самимий туризм тарғиботчиларига айланди.
Нима учун дунё Истанбул мушукларини яхши кўради?
#CatsOfIstanbul va #İstanbulCats каби ҳештеглар остида ижтимоий тармоқлар шаҳар мушуклари билан боғлиқ унутилмас лавҳаларга тўла. Туркиядаги намойиш пойгаси вақтида Формула 1® автомобилини олдидан бамайлихотир кесиб ўтиб, гўё ҳайдовчига старт ишорасини бергандек бўлган мушук ҳам шулар жумласидан. Яна бири УEФА финали олдидан худди стадионнинг ҳақиқий эгасидек дадил майдонга чиқиб келган. Бошқалари эса симфоник концертлар, балет томошалари ва театр саҳналарининг доимий меҳмонига айланган.
Мушукларни метро бекатлари ва паром терминалларида ҳам тез-тез учратиш мумкин: айримлари турникетлар ёнида хотиржам ўтириб, гўё йўловчиларнинг чипталарини текшираётгандек таассурот қолдиради. Истанбулда бундай манзаралар ҳеч кимни ажаблантирмайди — улар шаҳар кундалик ҳаётининг бир қисмидир.
8-август — Халқаро мушуклар куни! Инсон ва мушук ўртасидаги яқинлик Истанбулдагидек яққол сезиладиган шаҳарлар кам. Айни пайтда ижтимоий тармоқлар саёҳат манзилини танлашга тобора кучлироқ таъсир кўрсатиб, маҳаллий ҳаётга хос самимий тажрибалар саёҳатчилар учун муҳим омиллардан бирига айланмоқда. Сўнгги тадқиқотларга кўра, З авлодига мансуб саёҳатчиларнинг 59 фоизи сафар учун илҳомни Instagramдан олади. Ундан кейинги ўринларда YouTube — 54 фоиз ва ТикТок — 47 фоиз билан қайд этилган. Мана шу жараёнда Истанбулнинг кўча мушуклари эса ижтимоий тармоқларда тарқалаётган сон-саноқсиз сурат ва видеолар орқали дунё эътиборини жалб этишда давом этмоқда.
Халқаро мушуклар куни бутун дунёда мушукларга эътибор қаратиш ва улар ҳақидаги хабардорликни оширишга хизмат қилса, Туркияда мушуклар азалдан кундалик ҳаётнинг бир қисми сифатида қабул қилинган. Айниқса, Истанбулда улар шунчаки севимли жониворлар эмас — улар қўшни, шаҳарнинг эгалари, қаҳрамонлари ва унинг ажралмас бир бўлаги. Айнан мана шу ўзига хос муносабат туфайли Истанбул меҳр билан “мушуклар ҳукмронлик қиладиган шаҳар” деб ҳам аталади.
Истанбул кўчаларида мушуклар изидан
Истанбулнинг энг машҳур “аҳолиси” билан учрашиш учун қаерга бориш керак? Жавоб оддий — деярли ҳамма жойда. Дунёга машҳур тарихий обидалар жойлашган Султон Аҳмад майдонидан Топкапи саройи боғлари ва Истанбул археология музейларигача мушуклар шаҳарнинг деярли ҳар бир гўшасида кўзга ташланади. Улар Туркиянинг кўплаб масжидларида азалдан қадрли мавжудот сифатида эъзозлаб келинган. Бу эса ҳайвонларга ғамхўрлик билан муносабатда бўлишнинг асрлар давомида шаклланган анъаналарини акс эттиради. Шу боис Ая София ёки Мовий масжидда бир четда хотиржам дам олаётган ёхуд бемалол айланиб юрган мушукни кўрсангиз, ажабланманг.
Тарихий Зираворлар бозори ва Эминўну майдонининг гавжум кўчаларида мушуклар каптар ва чағалайлар орасида бемалол кезиб юради. Ранг-баранг Фенер ва Балат маҳаллалари эса саёҳатчилар қатори мушукларнинг ҳам севимли масканларидан. Бейўғлу, Галата ва Жиҳангирнинг жонли кўчалари, Бешиктош ва Кадикўйнинг гавжум бозорлари, Ортакўйнинг соҳилбўйи кафелари, Моданинг сокин кўчалари ҳамда Босфор бўйидаги мафтункор Кузгунжук маҳалласи — буларнинг барчасида Истанбулнинг тўрт оёқли “маҳаллий аҳолиси”ни учратиш мумкин.
Истанбулнинг мушукларга меҳри ҳатто музейларда ҳам ўз аксини топган. Галатада жойлашган Истанбул мушуклар музейи турли санъат асарлари ва кўргазмалар орқали шаҳар билан мушуклар ўртасида асрлар давомида шаклланган муносабат тарихини ҳикоя қилади. Музей, шу билан бирга, кўча ҳайвонлари фаровонлигини қўллаб-қувватлашга ҳам ҳисса қўшади.
Туркия бўйлаб мушуклар
Дўкон ойнаси ортидан мўлтиллаган кўзлар сизни кузатиши ёки маҳаллий кафеда овқатланиб ўтирганингизда эса бир мушук оёғингизга оҳиста тегиб, таомингиздан озгина улашишингизни сўрагандек бўлиши мумкин. Бундай кутилмаган учрашувлар Истанбул ҳаётининг шунчаки оддий лавҳаларидек туюлади, аммо кўпинча саёҳатчиларнинг энг ёқимли хотираларидан бирига айланади. Бу ҳолатлар мушуклар нафақат парвариш қилинадиган, балки жамиятнинг бир қисми сифатида қабул қилинадиган кўп асрлик ҳамжиҳатлик маданиятини акс эттиради.
Истанбул кўча мушуклари билан дунёга танилган бўлса-да, Туркиянинг бошқа ҳудудларида ҳам улар саёҳатчиларнинг доимий ҳамроҳидир. Қадимий Эфес шаҳри харобаларидан муҳташам Аспендос антик театригача, соҳилбўйи шаҳарчаларидан гавжум шаҳар кўчаларигача мушукларни мамлакатнинг кўплаб машҳур масканларида учратиш мумкин.
Бугун Туркиянинг яна бир ўзига хос жиҳатини кашф этиш мумкин: баъзан саёҳатнинг энг эсда қоларли лаҳзалари қўлланмаларда эмас, балки ёнингизда сокин ўтирган дўстона мушук ҳамроҳлигида яширинади.
