АҚШ ва яна 40 та давлат мамлакатларни ядровий ракеталар синовидан олдин хабардор қилишга чақирди

АҚШ ва яна 40 та давлат мамлакатларни ядровий ракеталар синовидан олдин хабардор қилишга чақирди

АҚШ ва яна 40 та давлат мамлакатларни ядро қуролини ташувчи баллистик ракеталар учирилишидан камида 24 соат олдин огоҳлантиришга чақириб, қўшма баёнот берди. Ҳужжатда бундай тартиб хатолик хавфини камайтириб, глобал хавфсизликни мустаҳкамлаши таъкидланди.

11 август куни Женевадаги Қуролсизланиш бўйича конференция йиғилишида АҚШ, Буюк Британия, Жанубий Корея, Япония, Туркия, Украина, Европа мамлакатлари ва бошқалар (жами 41 давлат) баллистик ракеталарни синовдан ўтказиш хавфлари ҳақида қўшма баёнот эълон қилди. Унинг матни АҚШнинг Женевадаги доимий ваколатхонаси сайтида эълон қилинди.

«Тинч океани минтақасидаги сўнгги ракета синовлари фаоллиги қитъалараро баллистик ракеталар, сувости кемаларининг баллистик ракеталари ва элтувчи-ракеталар учирилганда хабардор қилиш ҳамда зиддиятларнинг олдини олиш бўйича аксарият давлатлар томонидан қабул қилинган стандарт амалиётга мос келмайди», — дея сўз боради баёнотда.

Қайд этилишича, «ядро қуролини ташишга қодир бўлган баллистик ракеталарни олдиндан огоҳлантирмасдан ва тафсилотларсиз синовдан ўтказиш хавф туғдиради ва ушбу синовларга яқин жойлашган мамлакатларнинг тинчлиги ҳамда хавфсизлигини бузади».

«Бу хатолик хавфини оширади, глобал барқарорлик ва хавфсизликка путур етказади, шунингдек, узоқ масофага учувчи ракета салоҳиятига эга бўлишдан келиб чиқадиган масъулиятга зиддир», — дейилади матнда.

Баёнот муаллифлари ядро қуролига эга бўлган барча давлатларни хавфларни камайтириш мақсадида баллистик ракеталар учирилиши ҳақида камида 24 соат олдин хабардор қилишга ва денгизчилар ҳамда учувчиларга «аниқ билдиришномалар» юборишга чақирди. Хабарномалар, шунингдек, баллистик ракетанинг синфи, учирилиш ҳудуди ва режалаштирилган йўналиши ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олиши керак.

Баёнотда қайд этилишича, тартибга солинган ва шаффоф хабардор қилиш механизмлари ҳеч бир мамлакатнинг «ҳарбий ишланмаларини чекламайди». Бунинг ўрнига улар «хатолик хавфини камайтиради, ўзаро ишончни мустаҳкамлайди ва хавфсизликка бўлган умумий содиқликни акс эттиради».

Баёнотни имзолаган давлатлар: АҚШ, Албания, Австралия, Австрия, Бельгия, Болгария, Канада, Хорватия, Чехия, Дания, Эстония, Финляндия, Франция, Германия, Греция, Венгрия, Исландия, Италия, Япония, Латвия, Литва, Люксембург, Маршалл Ороллари, Черногория, Нидерландия, Янги Зеландия, Шимолий Македония, Норвегия, Палау, Филиппин, Польша, Португалия, Корея Республикаси, Руминия, Словакия, Словения, Испания, Швеция, Туркия, Украина, Буюк Британия.

Дўстларингизга ҳам юборинг: