Еврокомиссия ЕИ давлатларини «Patriot» ракеталарини Украинага беришга чақирди

Еврокомиссия ЕИ давлатларини «Patriot» ракеталарини Украинага беришга чақирди

Европа комиссияси «Patriot» ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари учун ракеталар захирасига эга Европа Иттифоқи давлатларини уларни Украинага тақдим этишга чақирди. Бу ҳақда Еврокомиссия вакили Анита Гиппер пайшанба кунги брифингда маълум қилди.

«Биз доим Украинага кўпроқ ёрдам кўрсатиш зарурлигини таъкидлаб келганмиз. Украинага ҳаво ҳужумидан мудофаа имкониятларини зудлик билан кучайтириш керак ва бу масала ҳамон устувор йўналиш бўлиб қолмоқда. Шу сабабли ЕИнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас ракеталар захирасига эга барча аъзо давлатларни уларни Украинага беришга чақирди», — деди Гиппер.

Унинг таъкидлашича, Европа Иттифоқи ҳарбий ва мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлашни қўллаб-қувватлаш учун 220 миллиард евродан ортиқ маблағ ажратмоқда.

«Биз SAFE механизми орқали қўшма харидларни ҳам тезлаштиряпмиз. Украина ҳам ушбу жараёнга қўшилиши мумкин. Бундан ташқари, олий вакил аъзо давлатлар билан мунтазам алоқада бўлиб, уларнинг ўқ-дорилар ҳамда Украинага етказиб бериш бўйича мажбуриятларини оширишга чақирмоқда», — деди Еврокомиссия вакили.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: