Tошкент иссиқлик электр станциясининг куз-қиш мавсумига тайёргарлиги ўрганилди

Tошкент иссиқлик электр станциясининг куз-қиш мавсумига тайёргарлиги ўрганилди

Ишчи гуруҳ Тошкент ИЭСдаги фильтрлаш тизимларини модернизация қилиш ва атмосфера ҳавосига салбий таъсирни камайтириш чоралари юзасидан тавсиялар берди.

Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ишчи гуруҳи Тошкент иссиқлик электр станциясида куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолатини ўрганди.

Ўрганиш давомида станциянинг асосий ускуналари техник ҳолати, иситиш мавсумида корхонанинг барқарор ва хавфсиз ишлашини таъминлаш бўйича кўрилаётган чоралар, шунингдек, чанг-газ тозалаш ва фильтрлаш тизимларининг ҳолати ҳамда улардан фойдаланиш самарадорлиги кўриб чиқилди.

Мутахассислар томонидан мавжуд тозалаш тизимларига техник хизмат кўрсатиш, уларни босқичма-босқич модернизация қилиш ва замонавий технологияларни жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Бу орқали тозалаш самарадорлигини ошириш ва атмосфера ҳавосига салбий таъсирни камайтириш чоралари муҳокама қилинди.

Шунингдек, 9 ва 10-энергоблокларда янги фильтрлаш ускуналарини қуриш жараёни ҳам кўздан кечирилди.

Ишчи гуруҳ станцияда экологик талабларга риоя этилиши, куз-қиш мавсумида юзага келиши мумкин бўлган экологик хавфларнинг олдини олиш ҳамда уларнинг салбий оқибатларини камайтириш бўйича амалга оширилаётган ишларни ҳам ўрганди.

Ўрганиш якунида масъул мутахассисларга мавжуд тозалаш тизимларининг ишончли ишлашини таъминлаш, ускуналарга ўз вақтида техник хизмат кўрсатиш ва уларни модернизация қилиш бўйича тегишли тавсиялар берилди.

Қайд этилганидек, бундай профилактик тадбирлар саноат корхоналарининг экологик хавфсизлигини мустаҳкамлаш, атмосфера ҳавосига салбий таъсирни камайтириш ҳамда куз-қиш мавсумида юзага келиши мумкин бўлган экологик хавфларнинг олдини олишга хизмат қилади.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: