2026/2027 ўқув йили учун олий таълим ташкилотларига қабул натижалари эълон қилинди
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигида 2026/2027 ўқув йили учун олий таълим ташкилотларига қабул жараёнларининг якуний натижаларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Анжуманида оммавий ахборот воситалари вакиллари, соҳа мутахассислари ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди.
Унда 2026/2027-ўқув йили учун қабул жараёнларининг якуний натижалари, абитуриентларнинг тест синовларида қайд этган кўрсаткичлари, таълим йўналишлари кесимидаги ўтиш баллари, грант ва тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия этилганлар ҳақида маълумот берилди.
Шунингдек, мандат натижаларидан сўнг абитуриентлар учун очиладиган имкониятлар, супер-контракт асосида ўқиш шартлари, талабаликка тавсия этилган абитуриентларнинг кейинги ҳаракатлари ҳамда қабул жараёни билан боғлиқ долзарб масалалар юзасидан тушунтиришлар берилди.
Анжуман давомида 1-босқичга тавсия этилган талабалар учун талабалар турар жойига жойлашиш бўйича ариза бериш хизмати 18-августдан ишга туширилиши ҳамда Аризалар Давлат хизматлари марказлари ёки my.gov.uz портали орқали белгиланган тартибда топширилиши мумкинлиги тўғрисида маълумот берилди.
Жорий йилда бакалавриат таълим йўналишларига 677,9 минг нафар абитуриент онлайн рўйхатдан ўтди. Қабул жараёни “аввал тест — сўнг танлов” тамойили асосида икки босқичда ташкил этилди.
Тест синовлари республика бўйича 64 та катта сиғимли бинода ўтказилиб, жараёнлар видеокузатув ва онлайн трансляция орқали очиқ намойиш этилди. Миллий ва халқаро сертификатларга эга қарийб 13 минг нафар, шунингдек, белгиланган имтиёзларга эга 302 нафар абитуриент тест синовларидан озод қилинди.
Тест натижаларига кўра, 389,1 минг нафар абитуриент танловда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлди. Иккинчи босқичда уларга ўз натижаларидан келиб чиқиб, олий таълим ташкилоти, таълим йўналиши ва таълим шаклини танлаш имконияти берилди.
