Ўзбекистон ва Озарбайжон Президентлари олий давлат мукофотлари билан тақдирландилар
Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевга Ўзбекистон Республикасининг олий давлат мукофоти – “Олий Даражали Дўстлик” ордени топширилди.
Давлатимиз раҳбари нуфузли мукофотни топширар экан, ушбу қарор Озарбайжон Президентининг қардош мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлашдаги хизматларига нисбатан Ўзбекистон халқининг самимий ҳурмати ва эътирофининг ифодаси эканини таъкидлади.
– Сиз улуғ отангиз – атоқли давлат арбоби Ҳайдар Алиевнинг ишини муносиб давом эттирмоқдасиз. Сизнинг раҳбарлигингиздаги оқилона ислоҳотлар туфайли Озарбайжон тараққиёт борасида ва халқаро майдонда улкан ютуқларга эришмоқда.
Илҳом Алиевнинг Ўзбекистон – Озарбайжон кўп қиррали муносабатларини кенгайтиришга қўшаётган ҳиссаси ҳам алоҳида мамнуният билан қайд этилди. Икки давлат ўртасида иттифоқчилик муносабатлари қарор топишида айнан унинг ўрни беқиёс.
Ўз навбатида, Озарбайжон Президенти юксак эътироф учун мамлакатимиз етакчиси ва халқига миннатдорлик изҳор этиб, дўстлик ва ўзаро ҳурмат руҳидаги ҳар томонлама ҳамкорлик янада мустаҳкамланишига ишонч билдирди.
Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Озарбайжоннинг олий давлат мукофоти – “Ҳайдар Алиев” ордени билан тақдирланди.
Мукофотни давлатимиз раҳбарига Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев топширди.
Ўзбекистон етакчиси Озарбайжон Президенти ва қардош Озарбайжон халқига чуқур миннатдорлик билдириб, ушбу мукофотни абадий дўстлик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлаш йўлидаги қўшма саъй-ҳаракатларга берилган юксак баҳо сифатида қабул қилишини таъкидлади.
– Мазкур орден мен учун алоҳида аҳамиятга эга. Унга бутун умрини Ватанига хизмат қилишга бағишлаган улуғ давлат арбоби Ҳайдар Алиевич Алиевнинг номи берилган. Айнан шу инсон Озарбайжоннинг келгуси тараққиёти учун мустаҳкам пойдевор яратди, – деди Шавкат Мирзиёев.
Ҳайдар Алиев Ўзбекистон тарихи ва маданиятини юксак қадрлагани, икки халқ яқинлашувига салмоқли ҳисса қўшгани таъкидланди.
Ўзбекистон ва Озарбайжон келгусида ҳам барча соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириб, қардошлик муносабатлари эса янги амалий мазмун билан бойиб боришига ишонч билдирилди.
Таъкидлаш жоизки, “Ҳайдар Алиев” орденига турли йилларда Франция Президенти Жак Ширак, Қувайт Амири Сабоҳ ас-Сабоҳ, Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған, Италия Президенти Сержо Маттарелла ва бошқа кўплаб давлат арбоблари сазовор бўлган.
