Усэйн Болтдан ҳам тез: Хитой роботи 100 метрни 8,86 сонияда югурди
Пекинда ўтаётган Жаҳон гуманоид роботлар ўйинлари робототехника соҳасидаги кескин тараққиётни намойиш қилмоқда. Мусобақанинг энг катта шов-шуви 100 метрга югуриш баҳсида кузатилди — Tiangong Ultra номли гуманоид масофани 8,86 сонияда босиб ўтди. Бу ямайкалик Усэйн Болт 2009 йилда ўрнатган 9,58 сониялик инсонлар жаҳон рекордидан 0,72 сония тезроқ.
Tiangong Ultra дастлаб мусобақада 9,39 сония кўрсатган эди. 25 августдаги яримфинал пойгасида эса ўз натижасини яна кескин яхшилади. Таққослаш учун, ушбу робот ўтган йилги мусобақада худди шу масофани 21,50 сонияда босиб ўтган.
Honor компанияси ишлаб чиққан Lightning ҳам тезлиги билан эътибор марказига тушди. Ўйинлар олдидан ўтказилган синовда у 100 метрни 9,32 сонияда югуриб, сониясига 14,5 метргача тезликка чиққан. Мусобақанинг дастлабки пойгасида эса Lightning 9,47 сония натижа кўрсатган.
Бу роботнинг имкониятлари аввалроқ узоқ масофада ҳам синовдан ўтказилган. Апрел ойида Пекинда ташкил этилган 21,0975 километрлик гуманоид роботлар яриммарафонида Lightning 50 дақиқа 26 сониялик натижа билан ғолиб чиққан. Бу кўрсаткич инсонлар орасидаги энг яхши расмий натижалардан ҳам анча тез. 23 август куни эфиопиялик Йомиф Кежелча яриммарафонни 56 дақиқа 51 сонияда босиб ўтган ва унинг натижаси жаҳон рекорди сифатида тасдиқланиши кутилмоқда.
Lightning яриммарафон пайтида 169 сантиметр бўйга эга бўлиб, оёқлари узунлиги 95 сантиметрни ташкил этган. Жаҳон гуманоид роботлар ўйинлари олдидан муҳандислар унинг оёқларини яна 10 сантиметрга узайтирган.
Юқори натижаларга қарамай, роботларнинг ҳаракатни хавфсиз якунлаши ҳали ҳам муаммолигича қолмоқда. Юқори тезликдан кейин тўхташда айрим гуманоидлар ҳимоя тўсиқларига бориб урилган, Lightning эса пойгалардан бирида йиқилиб, майдондан замбилда олиб чиқилган.
Роботлар баландликка сакрашда ҳам эътиборли кўрсаткич қайд этди. X-Humanoid ишлаб чиққан Tiangong Ultra очилиш маросимида тик турган ҳолатдан 2,88 метр баландликка сакради. Рақам жиҳатидан бу Хавьер Сотомайорнинг 2,45 метрлик инсонлар рекордидан баланд, бироқ икки натижа турли шарт ва қоидаларда қайд этилгани сабабли улар тўғридан тўғри спорт рекорди сифатида таққосланмайди.
Пекиндаги мусобақада 16 мамлакатдан 666 та жамоа таркибида 2 мингдан ортиқ робот иштирок этмоқда. Дастурда 51 йўналиш бўлиб, улар орасида югуриш, футбол ва бошқа спорт баҳслари билан бирга саноат ҳамда амалий вазифаларни бажариш бўйича синовлар ҳам бор.
