Путин Украинага қарши тактик ядровий қурол ишлатиши мумкин – Bloomberg

Путин Украинага қарши тактик ядровий қурол ишлатиши мумкин – Bloomberg

Россия президенти Владимир Путин Украина бўйича тинчлик музокаралари берк кўчага кириб қолди деб ҳисоблайди ва жанговар ҳаракатлар кучайишига тайёргарлик кўрмоқда. Шу билан бирга, Путиннинг атрофидагилар орасида у тактик ядровий қуролдан фойдаланиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар ортиб бормоқда. Бу ҳақда Кремлга яқин манбаларга таяниб, Bloomberg хабар берди.

Агентлик суҳбатдошларининг сўзларига кўра, яқин орада Россия Киев марказига, шунингдек Украинанинг бошқа шаҳарларидаги инфратузилма объектларига баллистик ракеталар билан бериладиган зарбаларни кучайтиришни режалаштирмоқда.

«Трамп маъмурияти воситачилигида қарийб бир ярим йилдан бери давом этган музокаралар де-факто муваффақиятсизликка учради», —деди манбалардан бири.

Ўнлаб нефтни қайта ишлаш заводлари, портлар ҳамда маркетплейслар логистика омборларига зарар етказган Украина зарбаларини Москва NATO томонидан қилинган ҳужум деб ҳисоблайди, чунки алянс Киевга қурол-яроғ ва разведка маълумотларини етказиб бермоқда.

Иқтисодий босим, бензин инқирози ва логистик хабларга берилаётган зарбаларга қарамай, Путин урушни якунлашни режалаштирмаяпти. Кремлдагиларнинг фикрича, ўзаро зарбаларнинг ҳозирги босқичи ҳали ҳарбий эскалациянинг чўққиси эмас.

«Россиялик амалдорларнинг тобора кўпроқ қисми Путин сўнгги чора сифатида Украинага қарши тактик ядровий қурол қўллаши мумкин, деган хулосага келмоқда. Чунки урушда мағлуб бўлиш Путин учун мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган сценарий», —дейди Bloomberg’нинг Кремлга яқин манбалари.

Шу билан бирга, гарчи бурилиш ясалишига бўлган умидлар жуда паст бўлса-да, Кремл ҳали ҳам Доналд Трампнинг махсус вакиллари Стив Уиткофф ва Жаред Кушнер Москвага янги таклифлар олиб келишига умид қилмоқда, деб ёзади нашр.

Дўстларингизга ҳам юборинг: