Саудия Арабистони ҳусийларга қарши янги урушга тайёрланаётган бўлиши мумкин – NYT

Саудия Арабистони ҳусийларга қарши янги урушга тайёрланаётган бўлиши мумкин – NYT

Саудия Арабистони Ямандаги ҳусийларга қарши янги ҳарбий кампанияга тайёрланаётган бўлиши мумкин. Бу ҳақда 27 август куни The New York Times нашри таҳлилчилар ва Саудия расмийсига таяниб хабар берди.

Нашрга кўра, сўнгги ҳафталарда ҳусийлар Саудия Арабистонининг кемалари, аэропортлари ва нефть инфратузилмасига қатор ҳужумлар уюштирган. Бу икки томонни кенг кўламли тўқнашувга яқинлаштириб, минтақадаги можарода янги фронт очилиши хавфини кучайтирмоқда.

Исмини ошкор этмаган Саудия расмийсининг NYT’га айтишича, Ар-Риёд тинчлик йўлини афзал кўради, аммо ҳарбий тўқнашувга ҳам тайёр. Агар ҳусийлар ҳужумларни давом эттирса, қироллик Яманнинг халқаро тан олинган ҳукуматини қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳарбий зарбалар бериш имкониятини кўриб чиқиши мумкин.

Айни пайтда Яман ҳукумати ва Саудия бошчилигидаги коалиция ҳусийлар таҳдидига қарши ҳамкорлик давом этаётганини билдирмоқда. Коалиция ҳусийлар «душманона ҳаракатлар»ни давом эттирса, Саудия манфаатларини ҳимоя қилиш учун зарур чоралар кўрилишини маълум қилган.

Ҳусийлар эса Саудия энергетика объектларига ҳужумларни кенгайтириш билан таҳдид қилиб келмоқда. Таҳлилчиларнинг фикрича, ҳозирги кескинлик 2022 йилдан бери сақланиб келган нисбий тинчлик даври учун энг жиддий синовлардан бирига айланган.

Ҳозирча Саудия Арабистони янги кенг кўламли ҳарбий операция бошланишини расман эълон қилгани йўқ. Шу боис NYT хабари тайёргарлик ва эҳтимолий сценарийлар ҳақидаги маълумот сифатида баҳоланмоқда.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: