Эрон бензин нархини оширишга тайёргарлик кўрмоқда
Ҳукумат АҚШ билан уруш, даромадларнинг қисқариши ва ёқилғи танқислиги шароитида имтиёзли квотадан ортиқ бензин нархини икки бараварга ошириши мумкин.
Эрон президенти Масъуд Пезешкиён ҳукумат бензиннинг «учинчи тоифа истеъмоли» учун нархни оширишни режалаштираётганини билдирди. Бу амалдаги имтиёзли квоталардан ташқари сотиладиган ёқилғига тааллуқли. Унинг сўзларига кўра, бундай бензин нархи литрига 5 минг риалдан 10 минг риалга кўтарилиши мумкин ва бу миқдордан ошмайди.
Пезешкиён мамлакатни ёқилғи билан таъминлашдаги муаммоларни АҚШ билан давом этаётган уруш билан боғлади. Унинг айтишича, ҳарбий ҳаракатлар туфайли товар етказиб бериш занжирлари бузилган, Эрон даромадлари қисқарган. Мамлакат нафақат ўз ёқилғисини сарфламоқда, балки бензинни хориждан сотиб олишга ҳам мажбур бўлмоқда. Шу сабабли ҳукумат ёқилғи истеъмолини янада қатъий назорат қилишни режалаштирмоқда.
Эрон бензин танқислигига дуч келмоқда: ички истеъмол кунига тахминан 135 миллион литр, ишлаб чиқариш эса қарийб 121 миллион литрни ташкил этади. АҚШ санкциялари импорт имкониятларини чеклаётгани, шунингдек уруш даврида нефтни қайта ишлаш инфратузилмаси зарарлангани тақчилликни янада кучайтирмоқда.
Нарҳлар ўзгариши кутилгани сабабли мамлакатда ёқилғи қуйиш шохобчалари олдида узун навбатлар пайдо бўлди. Бироқ ҳукумат мамлакатда кескин ёқилғи танқислиги йўқлигини, аҳоли ўртасидаги шошилинчлик асосан нархлар ошишидан хавотир билан боғлиқлигини билдирмоқда.
Пезешкиён иқтисодий вазият оғирлигича қолаётганини тан олди. У асосий муаммолар қаторида инфляция, бандлик ва давлат даромадларининг камайишини тилга олди. Унинг сўзларига кўра, ҳукумат аҳолига қўшимча босим ўтказмасдан ёқилғи истеъмолини қисқартириши керак.
Бензин нархини оширишдан ташқари, ҳукумат автомобиль ҳаракатини чеклаш, жамоат транспортини ривожлантириш ва такси, мотоцикл ҳамда бошқа транспорт воситаларини электрлаштириш орқали истеъмолни камайтиришни ҳам кўриб чиқмоқда. Пезешкиён автомобил ишлаб чиқарувчиларни ёқилғи сарфини камайтиришга чақирди ва кўрсаткичларини яхшилай олмаган компаниялар ишлаб чиқаришни давом эттириш имкониятидан маҳрум бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
Президент, шунингдек, Теҳрон АҚШ билан музокараларни давом эттираётганини билдирди. Эрон блокада ва санкцияларни бекор қилиш, нефть ҳамда нефт-кимё маҳсулотлари экспортини тиклаш, музлатилган маблағларни очиш ва инвестицияларни қайта тиклашга умид қилмоқда. Бунинг эвазига Теҳрон Ҳурмуз бўғозини очиш шартларини муҳокама қилишга тайёр.
