МРБ директори Рэтклифф Москвага қилган яширин ташрифи чоғида Трамп, Путин ва Зеленский ўртасида уч томонлама учрашув ўтказишни таклиф қилган
Бу ҳақда Axios икки манбага таяниб ёзмоқда.
Нашрнинг хабар беришича, ташрифдан кўзланган мақсадлардан бири — Россия махсус хизматлари раҳбарлари Путинни АҚШ воситачилигида Украина билан музокараларга қайтишга кўндира олиши ёки олмаслигини аниқлаш бўлган. Шу мақсадда Рэтклифф Ташқи разведка хизмати раҳбари Наришкин ва ФХХ (ФСБ) директори Бортников билан учрашган.
Жума куни америкалик мулозимлар Зеленскийни Рэтклиффнинг Москвадаги музокаралари ва уч томонлама саммит ўтказиш таклифи ҳақида хабардор қилишган. Зеленский илгари бундай форматга рози бўлган, Путин эса уни рад этган эди.
Axios манбаларининг таъкидлашича, Рэтклифф Бортниковни дипломатик алоқаларни тиклашга ёрдам бера оладиган «конструктив иштирокчи» деб ҳисоблайди.
