Эрон ядровий қуролни тарқатмаслик тўғрисидаги шартномадан чиқадими?

Эрон ядровий қуролни тарқатмаслик тўғрисидаги шартномадан чиқадими?

Эрон парламентида мамлакатнинг Ядровий қуролни тарқатмаслик тўғрисидаги шартномадан (ЯҚТШ) чиқиши ҳақида қонун лойиҳаси тайёрланди. Ҳужжат парламентда шошилинч тартибда кўриб чиқилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Эрон парламенти раисининг ўринбосари Али Никзод маълум қилди.
Унинг айтишича, ташаббус ҳозирда, жумладан, унинг халқаро оқибатлари нуқтаи назаридан ҳам ўрганилмоқда. Қонун лойиҳасини пленар мажлисга шошилинч тартибда киритиш режалаштирилган. Бу ҳолатда ҳужжат депутатлар томонидан тақдим этилган куниёқ кўриб чиқилиши мумкин.

Никзод Эрон Халқаро атом энергияси агентлиги (МАГАТЭ) ва унинг бош директори Рафаэль Гроссига ишонч билдирмаслигини ҳам айтди. Унинг таъкидлашича, Эрон ўтган йил сентябрь ойида агентлик билан ҳамкорликни тўхтатган ва Гроссининг ҳаракатларини «виждонсиз» деб баҳолаган.

«У текширув ўтказиш учун келади, бизни мақтайди, кейин эса кетиб, бизга қарши салбий ҳисоботлар тайёрлайдиган одамлардан бири», — деди парламент раисининг ўринбосари.

Эроннинг ЯҚТШдан чиқиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар фонида Россия бундай қадамга қарши чиқди. Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Москва Теҳроннинг шартнома доирасида қолишидан умид қилаётганини билдирди. Унинг сўзларига кўра, Россия ЯҚТШни ядровий қурол тарқалишининг олдини олиш тизимининг асоси деб ҳисоблайди.

«Москва ЯҚТШни ядровий қурол тарқалишини чеклаш тизимининг асосий таянчи деб билади ва Теҳрон шартноманинг масъулиятли иштирокчиси бўлиб қолишига умид қилади», — деди Песков.

Шу билан бирга, Кремль вакили Эрон аввал ҳам ядровий қурол яратиш режаси йўқлигини ва тинч мақсадларда атом энергетикасини ривожлантириш ниятини бир неча бор билдирганини таъкидлади.

Бундан бир кун аввал Эроннинг собиқ ва амалдаги бир гуруҳ амалдорлари ЯҚТШ доирасидаги ҳамкорликни зудлик билан тўхтатиш ва шартномадан имкон қадар тезроқ чиқишга чақирган эди. Мурожаат муаллифлари Эроннинг шартномада қолишини мамлакат манфаатларига мос эмас деб баҳолаб, ундан чиқишни «стратегик зарурат» деб атаган.

Баёнотни, жумладан, собиқ разведка вазири Ҳайдар Мослеҳий, собиқ вице-президент Масъуд Зарибофан, собиқ фан вазири Муҳаммад Меҳдий Зоҳидий ва собиқ вице-президент Муҳаммад Алиободий имзолаган. Амалдаги депутатлар Иброҳим Азизий ва Фада-Ҳусайн Малекий ҳам ҳужжатни қўллаб-қувватлаган.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: