Смотрич Ғарбий соҳилни Ғазога ўхшатиб, кенг кўламли уруш бошлашга чақирди

Смотрич Ғарбий соҳилни Ғазога ўхшатиб, кенг кўламли уруш бошлашга чақирди

Исроил молия вазири, ўта ўнг қанотдаги «Диний сионизм» партияси раҳбари Бецалель Смотрич Ғарбий соҳилда кенг кўламли ҳарбий амалиёт бошлаш ва Фаластин маъмуриятини тугатишга чақирди.
Смотрич Ynet порталига берган интервьюсида Ғарбий соҳилда Ғазо секторидаги ҳарбий амалиётларга ўхшаш ҳаракатларни амалга ошириш кераклигини айтди. Унинг таъкидлашича, Исроил армияси «барча террорчиларни йўқ қилиши ва барча қуролларни мусодара қилиши» керак.

Смотрич шунингдек, Ғарбий соҳилда Исроил суверенитетини расман кенгайтириш тарафдори эканини билдирди.

Унинг баёнотлари 27 октябрга белгиланган парламент сайловлари арафасида янгради. Смотрич мухолифат блоклари билан бир ҳукумат таркибида ишлаш эҳтимолини рад этган ва ўнг қанот сайловчилари овозларининг бўлиниб кетиши хавфидан хавотир билдирган.

Смотричнинг чақириқлари Ғарбий соҳилда вазият кескинлашиб, кўчманчилар зўравонлиги ва ҳаракатланишга қўйилаётган чекловлар кучайган бир пайтда билдирилди. Исроил ҳукумати Суккот байрами муносабати билан назорат-ўтказиш пунктларини ёпган, ҳарбийлар эса Рамаллоҳ, Турмус-Айя, Абуд, Наби-Солиҳ ва бошқа аҳоли пунктларига кириш йўлларини тўсган.

БМТнинг Инсоний масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси (OCHA) маълумотларига кўра, Исроил кўчманчилари Ғарбий соҳилнинг B ва A ҳудудларида ерларни эгаллаб олиш ҳаракатларини кучайтирган. Минтақада ҳаракатланишни чекловчи тўсиқлар сони ҳам қарийб 1000 тага етган.

БМТ ва Халқаро суд томонидан аввал ҳам Ғарбий соҳилдаги Исроил аҳоли пунктларининг ҳуқуқий мақоми танқид қилинган ва улар халқаро ҳуқуқ нормаларига зид экани таъкидланган.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: