Украина номзод давлатлар қаторида борми?

Украина номзод давлатлар қаторида борми?

Еврокомиссия ЕИ кенгайиши учун янги қоидаларни тайёрлади.
Брюссель Европа Иттифоқига аъзо бўлишга номзод давлатларга босқичма-босқич интеграция жараёнида кўпроқ имтиёзлар беришни таклиф қилмоқда. Шунингдек, янги аъзолар ислоҳотларни тўхтатса ёки ўз мажбуриятларидан чекинса, уларнинг айрим ҳуқуқларини чеклаш имконини берувчи механизмлар жорий этилиши мумкин.

Европа Комиссиясининг кенгайиш масалалари бўйича комиссари Марта Кос 6 октябрь куни Страсбургда тегишли ўзгаришлар пакети тайёрланаётганини маълум қилди.

«Энди бошқа Виктор Орбанлар керак эмас. Агар ЕИга янги қўшилган давлатлар қонун устуворлиги, демократия ва умумий қадриятларимизни бузса, бизга 7-моддада назарда тутилган механизмдан — аъзо давлатнинг овоз бериш ҳуқуқини тўхтатишдан — кўра тезкорроқ чоралар керак», — деди Кос.

Брюсселни янги аъзоларга нисбатан қўшимча ҳимоя механизмларини жорий этишга сўнгги йилларда Венгрия ва Польшада қонун устуворлиги ҳамда ЕИ билан ҳамкорлик тамойиллари борасида юзага келган муаммолар ундади.

Украина Молдова, Албания ва Черногория билан бирга ЕИга аъзо бўлиш учун зарур ислоҳотларни амалга оширишда энг катта ютуқларга эришган тўрт номзод давлат қаторидан жой олган.

Марта Коснинг айтишича, октябрь ойи охирида ЕИ кенгайиши бўйича йиллик ҳисобот эълон қилинганда, Европа Комиссияси ушбу давлатлар учун «йўл хариталари»ни ҳам тақдим этади. Уларда номзод давлатлар амалга ошириши керак бўлган аниқ ислоҳотлар ва аъзолик бўйича музокараларни якунлашнинг тахминий муддатлари белгиланади.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: