Европада сув инқирози: Констанс кўлида 568 миллиард литр сув камайди

Европада сув инқирози: Констанс кўлида 568 миллиард литр сув камайди

Германия, Швейцария ва Австрия чегарасида жойлашган Констанс кўлида сув сатҳи тарихий даражада пасайгани маълум қилинди.
Ҳозирда кўлдаги сув миқдори октябрь ойи бошидаги одатий кўрсаткичдан қарийб 568 миллиард литрга кам. Бу кўл умумий сув ҳажмининг тахминан 1,2 фоизини ташкил этади.

Сув сатҳининг пасайишига узоқ давом этган қурғоқчилик, ёздаги юқори ҳарорат, ёғингарчиликнинг камлиги ҳамда Альп тоғларида қишнинг қорсиз келгани сабаб бўлган. Кўлнинг асосий ирмоғи — Рейн дарёси ҳам ҳозир одатдагидан анча кам сув олиб келмоқда.

Сув сатҳининг пасайиши кемалар қатновига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Айрим пристанлар ёпилган, кўлнинг ғарбий қисмида эса кемалар ҳаракати тўлиқ тўхтатилган.

Мутахассислар кўлдаги сув сатҳи сернам куз ва қишдан кейингина тикланиши мумкинлигини билдирмоқда. Қулай об-ҳаво шароитида сув миқдори 2027 йил мартига келиб меъёрига қайтиши мумкин.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: