Германияда 80 ёшли аёлнинг кўз тўр пардасига микрочип ўрнатилди
Германиянинг Любек университет клиникасида шифокорлар 80 ёшли Гизела Зудхопнинг кўз тўр пардаси остига микрочип ўрнатиш бўйича ноёб операция ўтказди. NDR маълумотига кўра, бу технология қўлланилган дастлабки жарроҳлик амалиётларидан бири ҳисобланади.
Бемор ёшга боғлиқ макуляр дегенерациядан азият чекади. Ушбу касаллик туфайли аёл одатдагидек ўқиш, ёзиш ва одамларнинг юзларини таниш имкониятини йўқотган.
Ўлчами 2×2 миллиметр бўлган микрочип тўр парданинг ёруғликни сезувчи ҳужайралари нобуд бўлган қисми остига ўрнатилган. Махсус кўзойнаклар ёрдамида қурилма атрофдаги муҳит тасвирини қабул қилади ва мияга сигналлар узатади.
Энди 80 ёшли беморни тикланиш жараёни ва янги технологиядан фойдаланишни ўрганиш босқичи кутмоқда.
Авваллари мазкур касаллик даволаб бўлмайдиган хасталиклардан бири ҳисобланган. У кўриш қобилиятининг жиддий бузилишига олиб келувчи асосий сабаблар қаторига киради. Немис офтальмологларининг баҳолашича, Германияда тахминан 7 миллион киши ушбу касалликдан азият чекади, уларнинг қарийб 480 минг нафарида хасталик кечки босқичга етган.
Технология халқаро олимлар гуруҳи томонидан ишлаб чиқилган. Клиник синовлар микрочип ўрнатилганидан бир йил ўтгач, беморларда кўриш ўткирлиги сезиларли даражада яхшиланганини кўрсатган.
Любекдаги операция технология Европада тасдиқланганидан бир неча ҳафта ўтиб амалга оширилган.
