Германия суриялик қочқинларнинг ҳимоя мақомини оммавий равишда бекор қилишни бошлади
Германия Миграция ва қочқинлар бўйича федерал идораси (BAMF) сурияликларга қочқин мақомидан маҳрум этиш тўғрисидаги билдиришномаларни юборишни бошлади. BILD нашри маълумотига кўра, бундай хатлар, биринчи навбатда, полиция эътиборига тушган ёки Германиядан вақтинча чиқиб кетиб, кейин мамлакатга қайтган шахсларга юборилмоқда.
Германия ҳукуматининг асосий далили — 2024 йил декабрь ойида Башар Асад режими ағдарилганидан сўнг Суриядаги фуқаролик уруши тугагани ва мамлакатдаги вазият сезиларли даражада ўзгарганидир.
BAMF маълумотларига кўра, ўтиш даври ҳукумати мамлакат ҳудудининг катта қисмини назорат қилмоқда. «Ислом давлати» каби қуролли гуруҳлар эса амалдаги ҳокимиятга реал муқобил куч сифатида қаралмаяпти.
Идора қўшимча далил сифатида БМТ маълумотларини келтирмоқда. Унга кўра, 2024 йил декабридан 2026 йил мартигача Сурияга 1,5 миллиондан ортиқ киши қайтиб келган.
Шу билан бирга, Германия расмийлари Сурияда озиқ-овқат ва уй-жой танқислиги, нархларнинг юқорилиги ҳамда электр таъминоти билан боғлиқ муаммолар сақланиб қолаётганини тан олмоқда. Бироқ уларнинг баҳолашича, бу қийинчиликлар ватанга қайтишни имконсиз қилмайди.
Ҳимоя мақомининг бекор қилиниши Германиядан дарҳол депортация қилишни англатмайди. Ҳозирча тегишли қарорларда мамлакатни тарк этиш талаби мавжуд эмас.
«Сўнгги бир неча ҳафтада сурияликларни ҳимоя мақомидан маҳрум қилиш жараёнлари кескин кўпайганини кузатмоқдамиз. Маъмурий судларга даъволарнинг оммавий оқими яқинлашмоқда», — деди миграция масалалари бўйича адвокат Филипп Пруй BILD нашрига.
Сўнгги маълумотларга кўра, Германияда тахминан 916 минг нафар Сурия фуқароси яшайди. Аввалроқ Германия канцлери Фридрих Мерц мамлакатда истиқомат қилаётган сурияликларнинг 80 фоизини ўз ватанига қайтаришни мақсад қилиб қўйган эди.
