Андижон ва Беларусь ўртасида касбий таълим соҳасида ҳамкорлик кенгаймоқда
Андижон вилояти касбий таълим бошқармаси ҳамда Беларусь Республикасининг Витебск вилояти масъуллари ўртасида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича муҳим келишувга эришилди.
Мазкур келишувга мувофиқ, Андижон вилоятидаги техникумларда таҳсил олаётган ўқувчи-ёшлар учун Витебск вилоятидаги етакчи таълим муассасаларида ўқиш, замонавий ишлаб чиқариш корхоналарида амалиёт ўташ ҳамда халқаро тажриба орттириш имкониятлари яратилади.
Ҳамкорлик доирасида асосий эътибор ўқувчиларнинг касбий билим ва кўникмаларини ошириш, дуал таълим тизимини ривожлантириш, хорижнинг илғор тажрибаларини ўзлаштириш ҳамда меҳнат бозори талабларига жавоб берадиган рақобатбардош мутахассислар тайёрлашга қаратилади.
Ушбу келишув андижонлик ёшлар учун халқаро таълим ва амалий тажриба майдонини кенгайтириб, уларнинг келажакда ўз соҳасининг етук мутахассислари бўлиб етишишига хизмат қилади.
