Германияда сигарет нархи қарийб 12 еврогача қимматлашади
Германияда тамаки солиғини ошириш маъқулланди. Янги солиқ ставкалари 2027 йилдан бошлаб амал қилади. Ҳозирда ўртача 8,05 евро турадиган бир қути сигарет нархи 2030 йилга келиб 11,78 еврогача ошиши кутилмоқда. Бу ҳақда DW нашри хабар берди.
Солиқ миқдори тўрт йил давомида босқичма-босқич оширилади. Ўзгаришлар нафақат оддий сигаретларга, балки қўлда ўраш учун мўлжалланган тамаки, сигаралар, чилим ва бошқа турдаги тамаки маҳсулотларига ҳам тааллуқли бўлади. Шунингдек, электрон сигареталар учун суюқликлар ва тамаки маҳсулотлари ўрнини босувчи воситаларга солинадиган солиқлар ҳам оширилади. Бироқ чакана савдодаги якуний нархлар ишлаб чиқарувчилар ва сотувчиларнинг қарорларига боғлиқ бўлади.
Германия молия вазири ва вице-канцлери Ларс Клингбайль солиқнинг оширилиши давлат бюджетига қўшимча миллиардлаб евро даромад келтиришига умид қилмоқда.
Сўнгги ҳисоб-китобларга кўра, 2027-2030 йилларда тамаки солиғидан тушадиган қўшимча даромад жами қарийб 11,7 миллиард еврони (тахминан 5,96 триллион тенге) ташкил этиши мумкин. Ҳукумат бу ўзгаришларни бюджетни мустаҳкамлаш ва, айниқса, ёшлар ўртасида тамаки истеъмолини камайтириш зарурати билан изоҳлайди.
2025 йилги танланма микрорўйхатга олиш маълумотларига кўра, Германиянинг 15 ёш ва ундан катта аҳолисининг тахминан 19 фоизи чекади. Тамаки жамоат саломатлиги учун жиддий муаммо бўлиб қолмоқда. Шуни такидлаш керакки, Германиянинг Саратон касаллигини ўрганиш маркази маълумотларига кўра, 2023 йилда мамлакатда тамаки истеъмоли билан боғлиқ касалликлар тахминан 131 минг кишининг ўлимига сабаб бўлган.
