17 ёшли қиз гамбургер таъмини берувчи помидор яратди

17 ёшли қиз гамбургер таъмини берувчи помидор яратди

АҚШда 17 ёшли мактаб ўқувчиси Габриэлла Ротберг гўшт таъмини эслатувчи генетик ўзгартирилган помидорлар устида иш олиб бормоқда. Унинг “Impossible Vines” деб номланган лойиҳаси АҚШда патент олган.

Ёш ихтирочининг айтишича, бундай помидор яратиш ғояси унда 15 ёшида, ошхонада сендвич тайёрлаётган пайтида пайдо бўлган. Илм-фанга қизиқиши эса оиласи таъсирида шаклланган. Унинг отаси биотехнология соҳасида, онаси эса саратон касаллигини тадқиқ этиш йўналишида фаолият юритади.

Габриэлла Майами университетидаги устози Мэддисон Маршалл билан биргаликда помидорларга гўштга хос хусусиятларни берувчи генетик материални киритиш устида ишламоқда. Бунда гўштнинг ўзига хос ранги ва таъми билан боғлиқ бўлган, таркибида темир сақловчи гем молекуласидан фойдаланиш кўзда тутилган.

Тажрибалар дастлаб муваффақиятсиз кечган. Бироқ ўсимликлар учун зарур озуқа муҳити тўғрилангач, помидорлар яхши ривожлана бошлаган.

Қиз лойиҳани амалга оширишда сунъий интеллект имкониятларидан ҳам кенг фойдаланган. Хусусан, у генетик конструкцияларни лойиҳалаш, патент ҳужжатларини тайёрлаш ва бизнес-режа ишлаб чиқишда сунъий интеллектдан ёрдам олган.

Ёш ихтирочи келажакда ушбу помидорлар гўшт маҳсулотлари қиммат ёки етарли бўлмаган мамлакатлар аҳолиси учун муқобил озуқа манбаига айланишига умид қилмоқда. Шунингдек, у помидор таркибидаги темир ва ликопин миқдорини оширишни ҳам режалаштирган.

Қизиғи шундаки, гамбургер таъмини бериши кутилаётган ушбу помидорларни ҳозирча ҳеч ким татиб кўрмаган. Лойиҳа ҳали тажриба босқичида бўлиб, унинг ҳақиқатан ҳам гўшт таъмини эслатиши кейинги синовларда аниқланади.

Дўстларингизга ҳам юборинг: