2035 йилга бориб Пекин аҳолисининг учдан бир қисми кексалардан иборат бўладими?
2035 йилга бориб Пекин аҳолисининг учдан бир қисмини 60 ёш ва ундан катталар ташкил этади.
Хитой узоқ муддатли демографик ўзгаришлар даврига кирди: мамлакат аҳолиси аста-секин қариб боради, меҳнатга лаёқатли ёшдаги аҳоли улуши эса изчил қисқаради.
Прогнозларга кўра, Хитой пойтахти Пекин аҳолисининг тахминан учдан бир қисмини 60 ёш ва ундан катта ёшдаги кишилар ташкил этади.
«Beijing Daily» газетасининг хабар беришича, 2025 йил охирига келиб, 60 ёш ва ундан катта ёшдаги аҳоли сони 5,29 миллион кишига етган.
Ушбу ёш тоифасига мансуб аҳоли шаҳар аҳолисининг қарийб тўртдан бир қисмини ташкил этади. Прогнозларга кўра, 10 йилдан кейин бу кўрсаткич учдан бир қисмга етади.
Шаҳар маъмурияти кекса ёшдаги аҳолини қўллаб-қувватлаш, жумладан, пенсиянинг энг кам миқдорини ошириш бўйича чоралар кўришни режалаштирмоқда.
2022 йилдан бошлаб тўрт йил давомида қисқариб келган материк Хитой аҳолиси 2025 йилга келиб 1 миллиард 404 миллион 890 минг кишини ташкил этди.
Аҳолининг ёш гуруҳлари бўйича тақсимотига кўра, 16 ёшдан 59 ёшгача бўлган, меҳнатга лаёқатли ёшдаги аҳоли 851,36 миллион кишини ёки умумий аҳолининг 60,6 фоизини ташкил этади. 60 ёш ва ундан катта ёшдагилар сони эса 323,38 миллион киши ёки аҳолининг 23 фоизига тенг.
Таҳлилчиларнинг фикрича, Хитой узоқ муддатли демографик ўзгаришлар даврига кирган кўринади. Бу жараёнда мамлакат аҳолиси аста-секин қариб боради, меҳнатга лаёқатли ёшдаги аҳоли улуши эса мунтазам равишда камаяди.
2016 йилдан бошлаб аҳоли ўсиши секинлашган Хитойда 2022 йилда мамлакат аҳолиси сони илк бор қисқарди. 2025 йилда туғилиш коэффициенти ҳар минг кишига 5,63 нафарни ташкил этди. Бу 1949 йилда миллий статистика юритиш бошланганидан буён қайд этилган энг паст кўрсаткичдир.
Хитой ҳукумати 1980-йиллардан буён амал қилиб келган «бир оила — бир фарзанд» сиёсатидан воз кечди. Дастлаб, 2016 йилда оилаларга иккита фарзанд кўришга рухсат берилди. Кейинчалик, 2021 йилда қонунга ўзгартириш киритилиб, оилаларга уч нафаргача фарзанд кўриш имконияти яратилди.
Бироқ аҳолини фарзанд кўришга рағбатлантиришга қаратилган сиёсатга қарамай, иқтисодий ўсишнинг секинлашиши, яшаш харажатларининг ортиши ва бола тарбияси билан боғлиқ сарф-харажатлар туфайли ёш авлод вакиллари фарзандли бўлиш масаласида иккиланмоқда.
Прогнозларга кўра, аҳоли сонининг қисқариши ва демографик қариш жараёни келгусида Хитойнинг меҳнат салоҳияти пасайишига олиб келади. Бу эса мамлакат иқтисодиётига сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин.
