Литва НАТОдан дронларни уриб тушириш қоидаларини ўзгартиришни сўрамоқчи

Литва НАТОдан дронларни уриб тушириш қоидаларини ўзгартиришни сўрамоқчи

Литва ҳукумати мамлакат ҳаво ҳудудини бузиб кирган учувчисиз учиш аппаратларини уриб тушириш тартибини ўзгартириш масаласида НАТО билан музокаралар бошламоқчи.

Бу ҳақда мамлакат бош вазири Миндаугас Синкявичюс LRT миллий телеканали эфирида маълум қилди.

«Мен дронларнинг ҳаво ҳудудига кириб келишига жавоб қайтариш тартибини қайта кўриб чиқиш бўйича НАТО билан маслаҳатлашувларни бошлаш ҳақида топшириқ бердим. Бунинг учун бир ой етарли бўлади, деб умид қиламан», — деди бош вазир.

Ҳозирги тартибга кўра, қирувчи самолёт учувчиси ҳаво ҳудудига кирган объектни кўзи билан аниқламаса, уни уриб туширишга рухсат берилмайди. Шу сабабли туман ёки булутли об-ҳаво шароитида радар орқали аниқланган дронни йўқ қилиш имконияти чекланади.

Литва томони НАТО билан маслаҳатлашувлар орқали ушбу талабни қайта кўриб чиқиш ва қирувчи самолётларга объект билан бевосита визуал алоқа ўрнатмасдан ҳам уни уриб тушириш имконини беришни кўзламоқда.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: