Калининградда қирувчи самолёт ҳалокатга учради
Россиянинг Калининград вилоятида ҳарбий самолёт иштирокида авиаҳалокат содир бўлди. Черняховск туманида қулаган қирувчи самолётнинг икки нафар учувчиси омон қолган.
Дастлабки маълумотларга кўра, учувчилар самолёт ерга қулашидан олдин катапулта ёрдамида ундан чиқишга муваффақ бўлган. Бироқ улар турли даражада тан жароҳатлари олиб, ҳарбий госпиталга ётқизилган.
Ҳарбий самолёт маҳаллий қабристон яқинига қулаган. Айрим маълумотларда ҳодиса содир бўлган пайтда бу ерда россиялик ҳарбий хизматчининг дафн маросими ўтказилаётгани тахмин қилинмоқда.
Авиаҳалокатга нима сабаб бўлгани ҳозирча маълум эмас. Ҳодисанинг бошқа тафсилотлари ҳам очиқланмаган.
