Мексикалик муҳожир АҚШдаги тарихий ёдгорликка болға билан зарба берганликда айбланмоқда

Мексикалик муҳожир АҚШдаги тарихий ёдгорликка болға билан зарба берганликда айбланмоқда

АҚШнинг Виржиния штатида Иккинчи жаҳон урушига бағишланган машҳур Иводзима ёдгорлигига жиддий зарар етказилди. Ҳодиса бўйича мексикалик муҳожир Мигель Алонсо Мальдонадо Сориано қўлга олинди.

The New York Post нашрининг хабар беришича, 27 ёшли эркак Куантико ҳудудида жойлашган, америкалик денгиз пиёдалари Иводзима оролида АҚШ байроғини кўтараётганини акс эттирувчи ҳайкалга катта болға билан зарба берганликда гумонланмоқда.

Полиция маълумотларига кўра, ҳужум оқибатида ёдгорликда тасвирланган олти нафар ҳарбийдан бирининг ҳайкали бош қисмидан ажралиб кетган. Шунингдек, монументнинг бошқа қисмларига ҳам зарар етказилган.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, тарихий ёдгорликни тиклаш учун юз минглаб доллар талаб этилиши мумкин.

Нашрнинг маълум қилишича, гумонланувчи 1999 йилда, ҳали болалик чоғида АҚШ ҳудудига ноқонуний кирган. Кейинчалик у Барак Обама президентлиги даврида депортациядан вақтинча ҳимоя қилувчи мақомга эга бўлган.

Мазкур мақом Жо Байден маъмурияти даврида ҳам узайтирилган.

Ҳозирда Мальдонадо Сорианога қасддан мулкка зарар етказиш, ёдгорликни шикастлаш ҳамда зарар етказиш мақсадида бегона ҳудудга ноқонуний кириш бўйича айбловлар қўйилган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳодиса юзасидан текширув олиб бормоқда. Гумонланувчининг бундай ҳаракатга нима сабабдан қўл ургани ҳозирча маълум эмас.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: