Афғонистонда тўй ва байрамларда мушакбозлик бутунлай тақиқланди

Афғонистонда тўй ва байрамларда мушакбозлик бутунлай тақиқланди

Афғонистонда тўйлар ва бошқа байрам тадбирларида мушакбозлик ҳамда пиротехника воситаларидан фойдаланиш бутунлай тақиқланди. Бу ҳақда «Пажвок» ахборот агентлиги хабар берди.

Тегишли қарор «Толибон» ҳукумати ҳузуридаги Фазилатни тарғиб қилиш ва ёмонликларнинг олдини олиш вазирлиги томонидан тасдиқланган.

Вазирлик вакилларининг таъкидлашича, мушакбозлик одамларда қўрқув, хавотир ва руҳий босимни келтириб чиқариши мумкин. Шунингдек, янги тартиб жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва аҳоли осойишталигини сақлашга қаратилгани билдирилган.

Ҳужжатга кўра, байрам тадбирлари ислом меъёрлари ва шариат тамойилларига мувофиқ ўтказилиши, аҳоли, жумладан, болалар, аёллар ва кексалар орасида ваҳима уйғотадиган ҳаракатларга йўл қўйилмаслиги керак.

Тақиқ нафақат мушакбозликдан фойдаланувчиларга, балки пиротехника воситаларини ишлаб чиқарувчилар, импорт қилувчилар, сотувчилар ва уларни тарқатишда иштирок этувчиларга ҳам тааллуқли. Қоидаларни бузганлар Афғонистон қонунчилиги ва шариат асосида жазоланиши мумкин. Бироқ жазо чораларининг аниқ турлари ҳозирча очиқланмаган.

Маҳаллий оммавий ахборот воситалари маълумотларига кўра, мушакбозликка аввал ҳам айрим шаҳарларда чекловлар жорий этилган. Бироқ янги қарор тақиқни бутун мамлакат ҳудудига татбиқ этади.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: