Туркиянинг янги қурилмаси бир неча сонияда 51 та дронни ишдан чиқарди
Туркиянинг Aselsan мудофаа саноати компанияси учувчисиз учиш аппаратларига қарши курашишга мўлжалланган Ejderha тизимини синовдан ўтказди. Синов давомида қурилма бир неча сония ичида 51 та дронни бир вақтнинг ўзида ишдан чиқаргани маълум қилинди.
Anadolu агентлигининг хабар беришича, мазкур синов компания ташкил этилганининг 51 йиллиги муносабати билан Гёлбекдаги Aselsan ўқ отиш ва синов марказида ўтказилган.
Ejderha тизими юқори қувватли электромагнит нурланиш (HPEM) технологияси асосида ишлайди. Қурилма вакуум электроникаси ёрдамида кучли электромагнит тўлқинлар ҳосил қилиб, учувчисиз аппаратларнинг электрон тизимларини ишдан чиқаришга мўлжалланган.
Синовнинг биринчи босқичида Ejderha тахминан бир километр масофада жойлашган, кабель орқали бошқариладиган икки хил дронни муваффақиятли зарарсизлантирган.
Иккинчи босқичда эса бир вақтнинг ўзида 51 та учувчисиз учиш аппарати ҳавога кўтарилган. Кўп сонли таҳдидларга қарши ҳаракат қилиш сценарийси асосида ўтказилган ушбу синовда Ejderha барча дронларни бир неча сония ичида ишдан чиқарган.
Aselsan бош директори Аҳмет Акйол мазкур натижани мудофаа технологиялари соҳасидаги муҳим ютуқ сифатида баҳолади.
«Aselsan компаниясининг Ejderha тизими бирорта ракета учирмасдан ва ҳеч қандай ўқ-доридан фойдаланмасдан, фақат битта тугмани босиш орқали 51 та дронни йўқ қилишга муваффақ бўлган дунёдаги биринчи тизимга айланди.
Кучли электромагнит тўлқинлар туфайли Ejderha замонамизнинг энг катта таҳдидларидан бири ҳисобланган дронларга қарши курашишдаги энг самарали тизимлардан бирига айланди», — деди Акйол.
Компания раҳбарининг таъкидлашича, мазкур технология аллақачон амалий фойдаланиш босқичига ўтган ва уни серияли ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.
«Ejderha мамлакатимиз хавфсизлигини таъминлашга ҳисса қўша оладиган технологик даражага етди.
Биз бундай технологияларни ишлаб чиқишни давом эттирамиз. Мамлакатимиз келажакка ишонч билан қараши учун юқори технологияларга сармоя киритишни қатъият билан давом эттирамиз», — дея қўшимча қилди Aselsan бош директори.
