Москвада MAX мессенжерининг ўзбекча талқини тақдим этилди
Россиянинг VK компанияси ишлаб чиққан MAX мессенжерининг ўзбек тилидаги интерфейси Москвада тақдим этилди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.
Тақдимотда Ўзбекистон ОАВ вакиллари ва соҳа мутахассислари иштирок этди. Унда платформанинг имкониятлари, ривожланиши ва хавфсизлик чоралари ҳақида маълумот берилди.
MAX вакилларининг маълумотига кўра:
Мессенжернинг 11,5 миллион хорижий фойдаланувчисидан 4 миллиони Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келади;
Ўзбекистон MAX фойдаланувчилари сони бўйича хорижий давлатлар орасида биринчи ўринда туради;
Мамлакатда ҳар куни MAX орқали 11,7 миллион хабар юборилади;
Кунига 1,3 миллион аудио ва видео қўнғироқ амалга оширилади.
Мессенжерда чатлар, каналлар, аудио ва видео қўнғироқлар, 4 ГБ гача бўлган файлларни юбориш ҳамда овозли хабарларни матнга айлантириш имкониятлари мавжуд.
Шунингдек, платформада икки босқичли аутентификация, махфийлик созламалари ва фирибгарликдан ҳимояланиш воситалари назарда тутилган.
MAX мессенжерига ўзбек тилидаги интерфейс 2026 йил августида қўшилган.
