Россиялик мухолиф сиёсатчи Борис Немцовнинг қотиллари яширинча озод қилиниб, Чеченистонга қайтган
Россиялик сиёсатчи Борис Немцовнинг ўлдирилишида айбдор деб топилган Заур Дадаев, Анзор ва Шадид Губашевлар қамоқдан озод қилиниб, Чеченистонда яшаётгани маълум бўлди. Бу ҳақда “Проект” нашри ўзининг суриштирувида хабар берди. Улар озодликка чиқишдан олдин Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузган, бироқ Украинага қарши урушда қатнашмаган.
“Проект” маълумотларига кўра, Немцовга бевосита суиқасд уюштирганликда айбдор деб топилиб, 20 йилга қамалган Заур Дадаев, шунингдек, жиноятдаги шериклари — 19 йилга озодликдан маҳрум этилган Анзор Губашев ва 16 йилга ҳукм қилинган Шадид Губашев Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузганидан сўнг колониялардан озод қилинган.
Аммo улар урушга жўнатилмаган, аксинча Чеченистонга қайтган. Нашр манбасининг айтишича, маҳкумларнинг қўйиб юборилиши шартларидан бири — Чеченистонда тинч, кўзга ташланмай яшаши бўлган. Бундан мақсад уларнинг озод қилинганидан ҳеч ким хабар топмаслигини таъминлаш эди.
Дадаев қамоқдалигидаёқ Рамзан Қодиров маъмурияти юридик департаментининг экспертиза бўлими ходими Ирсана Мукаевага уйланган. Шунингдек, Россия ҳарбий хизматчиларига хизмат кўрсатувчи Промсвязбанкда Заур Шарипович Д. номига шахсий ҳисоб рақами очилган.
Аввалроқ “Новая газета. Европа” Немцовнинг ўлдирилиши бўйича судланган яна бир шахс — Темирлан Эскерханов озодликка чиққани ҳақида хабар берганди. У Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузиб, афв этилган. Бироқ урушга бормасдан, Россия томонидан босиб олинган Мариуполдаги заводларни қўриқлашга юборилган.
Ушбу иш бўйича жазо муддатини тўлиқ ўтаб озодликка чиққан ягона маҳкум Ҳамзат Бахаев бўлган. Шу тариқа Немцовнинг ўлдирилиши бўйича судланган барча беш киши ҳозирда озодликда.
Эслатиб ўтамиз, россиялик мухолифатчи сиёсатчи Борис Немцов 2015 йил 27 февраль куни Москвадаги Кремл деворлари яқинида, Катта Москворецкий кўпригида отиб ўлдирилган. Унга етти марта ўқ узилган, шундан сўнг жиноятчилар автомобилда қочиб кетган. Қотиллик буюртмачилари ҳозиргача аниқланмаган.
Маълумотларга кўра, Немцов Россия президенти Владимир Путиннинг яқинларига қарши санкцияларни кенгайтиришни фаол қўллаб-қувватлай бошлаганидан кейин Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) билан боғлиқ шахслар томонидан кузатувга олинган. Кузатув 21 февраль куни, сиёсатчи ўлдирилишидан бир неча кун олдин тўхтатилган.
