Туркия жаҳон авиацияси тарихида илк бор учувчисиз қирувчини қуролланишга қабул қилди
Туркия учувчисиз қирувчи самолётларни қуролланишга қабул қилган дунёдаги биринчи давлатга айланганини эълон қилди.
Hürriyet нашрининг хабар беришича, бу ҳақда мамлакатдаги ҳукмрон Адолат ва тараққиёт партияси матбуот котиби Ўмер Челик маълум қилган.
Унинг сўзларига кўра, Туркия хавфсизлик кучлари ихтиёрига миллий ишлаб чиқарилган учта Kızılelma учувчисиз жанговар самолёти топширилган.
Челик ушбу воқеани жаҳон авиацияси тарихидаги муҳим ютуқ сифатида баҳолаб, мудофаа соҳасида янги давр бошланганини таъкидлади.
Шунингдек, у президент Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг саъй-ҳаракатлари натижасида Туркия бир қатор соҳаларда, айниқса, мудофаа саноатида етакчи ўринларни эгаллаётганини билдирди.
Партия вакили Kızılelma лойиҳасини муваффақиятли амалга оширишга қўшган ҳиссаси учун Салжуқ Байроқдор, Ҳалук Байроқдор, Baykar компанияси оиласи ва тегишли ташкилотларга миннатдорчилик билдирди.
