Эстония 1 декабрдан Россия билан барча чегара ўтказиш пунктларини ёпади
Эстония ҳукумати 2026 йил 1 декабрдан бошлаб Россия билан чегарадаги барча ўтказиш пунктларини вақтинча ёпишга қарор қилди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Қарорга мувофиқ, 1 декабрь куни маҳаллий вақт билан соат 07:00 дан Нарвадаги иккита, мамлакатнинг жануби-шарқида жойлашган Койдула ва Лухамаа назорат-ўтказиш пунктлари фаолияти тўхтатилади.
Эстония ҳукумати олти ой давомида мамлакатдаги хавфсизлик вазиятини баҳолаб, чегара пунктларини ёпиқ ҳолда сақлаш ёки уларни қайта очиш масаласини ҳал қилади. Шунингдек, чекловларнинг ижтимоий ва иқтисодий оқибатларини юмшатиш чоралари ҳам кўриб чиқилади.
Эстония расмийлари Россия билан барча чегара ўтказиш пунктларини ёпиш режасини 15 ноябрь куни эълон қилган эди. Бунга Украина учун дронлар ишлаб чиқарадиган Threod Systems компанияси биносига ўт қўйишга уриниш сабаб бўлган.
Эстония контрразведкаси мазкур ҳужумга уриниш Россия ҳарбий разведкаси — ГРУ томонидан мувофиқлаштирилган, деб ҳисобламоқда. Кремль эса бу гумонларни асоссиз деб рад этган.
