Жаир Болсонаро яна шифохонага ётқизилди
Жаир Болсонаро бунгача ҳам бир неча бор шифохонага тушган ва жарроҳлик амалиётларини бошдан кечирган. Бу 2018 йилги сайловолди ташвиқоти вақтида унинг қорин қисмига пичоқ билан уюштирилган ҳужум асоратлари билан боғлиқ.
Қамоқда жазо муддатини ўтаётган Бразилиянинг собиқ президенти Жаир Болсонаро 20 ноябрь куни пойтахтдаги шифохонага ётқизилди. Шифокор ва шифохона баёнотига кўра, бунга қорин бўшлиғидаги оғриқ, шиш ҳамда ичак тутилиши сабаб бўлган, дея хабар берди Reuters.
2019 йилдан 2022 йилгача мамлакатни бошқарган Болсонаро бунгача ҳам бир неча бор шифохонага тушган ва жарроҳлик амалиётларини бошдан кечирган. Бу 2018 йилги сайловолди ташвиқоти вақтида унинг қорин қисмига пичоқ билан уюштирилган ҳужум асоратлари билан боғлиқ.
Унинг шифокори Бразил Каядо журналистларга берган интервьюсида текширувлар ичакнинг қисман, аммо деярли тўлиқ тутилишини кўрсатганини маълум қилди.
Собиқ президентнинг ўғли Карлос Болсонаро Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида отасининг ҳолати ҳақида ёзди. Унинг сўзларига кўра, Болсонарога оғриқ қолдирувчи дорилар берилмоқда ва шифокорлар вазиятни жарроҳлик аралашувисиз бартараф этишга ҳаракат қилмоқда.
71 ёшли Болсонаро 2022 йилги сайловларда амалдаги президент Луис Инасиу Лула да сильвага ютқазганидан сўнг давлат тўнтаришини режалаштирганликда айбланган. У 2025 йилдан буён 27 йиллик қамоқ жазосини ўтамоқда.
Собиқ давлат раҳбари соғлиғи билан боғлиқ сабабларга кўра инсонпарварлик нуқтайи назаридан уй қамоғида сақланаётган эди, сўнгра қамоққа ўтказилди.
