Ҳакерлар яна ФҚБ тизимини бузиб кирди

Ҳакерлар яна ФҚБ тизимини бузиб кирди

АҚШ Федерал қидирув бошқармаси (ФҚБ) ҳуқуқ-тартибот идоралари фойдаланадиган Миллий жиноий ахборот маркази (NCIC) маълумотлар базаси эҳтимолий бузиб кирилгани ҳолатини текширмоқда, деб хабар берди CNN манбалари.

NCIC базаси турли даражадаги ҳуқуқ-тартибот идоралари ўртасида маълумот алмашишни таъминловчи энг муҳим тизимлардан биридир, деб маълум қилди ФҚБ собиқ ходими телеканалга. Ҳар куни бутун мамлакат бўйлаб куч тузилмалари ходимлари қидирувдаги жиноятчиларнинг шахсини аниқлаш, ҳибсга олиш ордерларини текшириш ва мамлакат аҳолиси хавфсизлигига бевосита дахлдор бўлган маълумотларни олиш учун ушбу базадан фойдаланади. NCIC ишига ФҚБ масъулдир.

CNN суҳбатдошининг сўзларига кўра, ҳакерларнинг базага бузиб кирганидан кўра, унда сақланаётган маълумотларни ўзгартириб қўйган бўлиши эҳтимоли энг катта хавотирни келтириб чиқармоқда.

Тизим бузилишининг оқибатлари ва кўлами ҳозирча номаълум. Базага айнан қачон киберҳужум уюштирилгани ҳам аниқ эмас. Телеканал хабаридан маълум бўлишича, киберҳужум бир неча кун аввал аниқланган.

ФҚБ CNN хабарига изоҳ бермади. Ўз навбатида, ФҚБ директори Кэш Пател 19 ноябрь куни муассасани киберхавфсизлик соҳасидаги муваффақиятлари учун оммавий равишда мақтаган эди.

Бу ФҚБ тизимларининг сўнгги ойларда бузиб кирилиши билан боғлиқ биринчи ҳолат эмас. Сентябрь ойида ShinyHunters гуруҳи ҳакерлари идора ходимларининг тиббий маълумотларига кириш имконига эга бўлган эди.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: