Маҳаллаларда профилактика инспекторларини чақириш учун махсус тугмалар ўрнатилади

Маҳаллаларда профилактика инспекторларини чақириш учун махсус тугмалар ўрнатилади

2027 йил 1 февралдан Ўзбекистон маҳаллаларида фуқаролар профилактика инспекторлари билан куннинг исталган вақтида тезкор боғланиши учун махсус тугмалардан фойдаланиши мумкин. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 25 ноябрда қабул қилинган 639-сонли қарорида белгиланган.

Қарорга кўра, профилактика инспекторлари хоналарининг ташқи эшикларига махсус алоқа тугмалари ўрнатилади. Фуқаролар улар орқали инспекторларга мурожаат қилиши, ўз муаммолари ёки хабарларини етказиши мумкин бўлади.

Мурожаатлар «Электрон материаллар» ахборот тизими орқали кўриб чиқилади. Инспекторлар фуқаролардан оғзаки тушунтириш олади, зарур қарорларни электрон шаклда расмийлаштиради ва тасдиқлайди.

Бунда ички ишлар органларининг қисқа рақамлари ҳамда «112» ягона диспетчерлик хизмати орқали мурожаат қилиш тартиби ўзгаришсиз қолади.

Шунингдек, 640-сонли қарор билан ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар беришнинг янги тартиби тасдиқланди.

Унга мувофиқ, давлат идоралари, таълим ва тиббиёт муассасалари ўз фаолияти давомида аниқлаган ҳуқуқбузарликлар ҳақида ички ишлар органлари ҳамда Инсон ижтимоий ёрдам марказларига хабар бериши шарт бўлади.

Жумладан, қуйидаги ҳолатлар ҳақида хабар бериш тартиби жорий этилади:

Аёлларга нисбатан таъқиб ва зўравонлик ҳолатлари;

16 ёшга тўлмаган қизларнинг турмуш қуриши;

16 ёшга тўлмаган вояга етмаганларнинг ҳомиладор бўлиши.

Шунингдек, ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги маълумотларни расмийлаштириш ва реал вақт режимида «112» орқали «E-material» электрон тизимига юбориш механизми белгиланди.

Ушбу талаблар ташкилий-ҳуқуқий шакли ва қайси идорага бўйсунишидан қатъи назар, барча таълим, маданият, спорт ва тиббиёт ташкилотларига тааллуқли бўлади.

Ҳар икки қарор 2026 йил 25 ноябрда қабул қилинган ва шу куни кучга кирган.

Дўстларингизга ҳам юборинг: