Саудия Арабистони Яманда жанг қилиш учун Судан қўшинларини қайта сафарбар этмоқда

Саудия Арабистони Яманда жанг қилиш учун Судан қўшинларини қайта сафарбар этмоқда

Судан ҳарбийлари яна Саудия Арабистони ва Яман ўртасидаги ҳарбий ҳаракатлар ҳудудига жойлаштирилмоқда. Aрaб оммавий ахборот воситалари тарқатган хабарларга кўра, сўнгги ойларда Судан қўшинларининг ушбу минтақага юборилиши фаоллашган. Бу ҳолат Суданда фуқаролар уруши давом этаётган бир пайтда Хартумнинг минтақавий ҳарбий-сиёсий жараёнларга қайтишга интилаётганидан далолат бериши мумкин.

Tasnim News маълумотларига кўра, Судан армияси бир неча босқичда Саудия Арабистони ва Яманга 7 мингдан ортиқ ҳарбийни жойлаштирган. Улар орасида Абу Ақайла Кайкал қўмондонлигидаги «Судан қалқони» ҳарбийлаштирилган гуруҳининг қарийб 2 минг жанговчиси ҳам бор. Судан расмий ҳукуматига иттифоқчи ҳисобланган ушбу кучларнинг жойлаштирилиши Ар-Риёд бошчилигидаги коалиция билан кенгроқ келишувнинг бир қисми экани айтилмоқда. Режага кўра, 18 ой ичида Яманга жами 10 минг жанговчи юборилиши мумкин.

Бу жараён аввалги йилларда Яманда фаолият юритган Тезкор ёрдам кучлари (RSF) иштирокини эслатади. Ўша даврда Саудия Арабистони бошчилигидаги коалиция сафида 8 мингдан 14 минг нафаргача суданлик жанговчи қатнашган. Таҳлилда таъкидланишича, бу ҳолат кейинчалик мазкур кучларнинг кучайишига ва 2023 йилда Суданда фуқаролар уруши бошланишига таъсир кўрсатган омиллардан бири бўлган. Шу боис, ҳарбийлар ва ҳарбийлаштирилган тузилмаларнинг хориждаги иштироки Судан ҳукумати учун янги ички муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.

Суданнинг Ямандаги ҳарбий иштироки 2015 йил март ойида Саудия Арабистони бошчилигидаги коалиция операцияси бошланганидан кейин фаоллашган. Дастлаб Судан армияси бўлинмалари ва ҳарбийлаштирилган гуруҳлар Яман ҳамда Саудия Арабистони ҳудудларига кенг кўламда жойлаштирилган. Улар орасида Тезкор ёрдам кучлари муҳим ўрин тутган. Бу гуруҳнинг кўплаб жанговчилари Яман жанубида, Бирлашган Араб Амирликларига бўйсунувчи кучлар қўмондонлиги остида ҳаракат қилган.

Таҳлилда қайд этилишича, Тезкор ёрдам кучлари хорижий ҳомийлар, жумладан, Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликларидан тўғридан-тўғри молиявий маблағ олган. Давлат тузилмаларидан ташқарида шаклланган бундай алоқалар гуруҳнинг Судан марказий ҳукуматидан мустақиллигини кучайтирган ва унинг ҳарбий-иқтисодий салоҳиятини оширган. Муаллифлар бу жараённи 2023 йилда мамлакатда фуқаролар уруши авж олишига таъсир қилган омиллардан бири сифатида баҳолайди.

2019 йилда Судандаги сиёсий ўзгаришлардан кейин Ямандаги суданлик ҳарбийлар сони сезиларли даражада қисқарган. Ўтиш даври ҳукумати уларни қайтариш ҳақида эълон қилган бўлса-да, ҳарбий иштирок бутунлай тўхтамаган. У чекланган шаклда давом этган ва армия учун молиявий ҳамда сиёсий манфаат келтирган. Шунингдек, Ямандаги Тезкор ёрдам кучлари сафида хизмат қилган жанговчилар сони армия бўлинмаларига нисбатан кўпроқ қисқарган.

Узоқ йиллик ҳарбий иштирокнинг гуманитар оқибатларидан бири суданлик ҳарбий асирлар масаласи бўлди. Ямандаги жанглар давомида «Ансоруллоҳ» ҳаракати кучлари кўплаб суданлик аскарларни асирга олган. Уларни озод қилиш масаласи асирлар алмашинуви бўйича музокараларда бир неча бор кўтарилган.

Судан қўшинларини қайта жойлаштириш сабаблари

Таҳлилга кўра, Судан ҳукумати мамлакатнинг Кордофан минтақасида Тезкор ёрдам кучлари билан жанглар давом этаётганига ва ҳудудий парчаланиш хавфига қарамай, Саудия Арабистони ҳамда Яманга ҳарбийларни юборишни кўпайтиришга қарор қилган. Бунинг асосий сабаблари сифатида молиявий ресурслар танқислиги, халқаро қонунийликнинг заифлашиши, Ғарб босими ва Саудия Арабистонининг ҳарбий эҳтиёжлари кўрсатилган.

Тўрт йилдан ортиқ давом этган фуқаролар уруши мамлакатнинг саноат ва қишлоқ хўжалиги инфратузилмасига катта зарар етказган. Уруш харажатлари, халқаро ёрдамнинг етарли эмаслиги ва ҳудудий парчаланиш Судан ҳукуматини жиддий молиявий қийинчиликка олиб келган. Таҳлилда давлат қарзининг ялпи ички маҳсулотга нисбати 334,4 фоизга етгани, валюта захиралари эса бир ойлик импорт харажатларини қоплашга ҳам етмаслиги қайд этилган.

Шунингдек, уруш оқибатида расмий олтин даромадининг 70 фоиздан ортиғи йўқотилган, жорий ҳисоб тақчиллиги эса ялпи ички маҳсулотнинг қарийб 10,2 фоизини ташкил этган. Бундай шароитда Ямандаги ҳарбий операцияларда иштирок этиш ҳукумат учун хорижий валюта тушумининг муҳим манбаига айланиши мумкин.

Таҳлил муаллифлари Судан ҳукумати халқаро майдондаги мавқеини ҳам тиклашга интилаётганини таъкидлайди. 2019 йилда Умар ал-Башир ҳукумати ағдарилганидан кейин АҚШ Судан армияси ва хавфсизлик тузилмаларига нисбатан босим ўтказиб келган. Фуқаролар уруши бошланганидан сўнг эса Ғарб Судан ҳукуматини исёнчиларга қарши турган қонуний давлат сифатида эмас, балки можаронинг томонларидан бири сифатида кўра бошлаган.

Муаллифлар фикрича, Судан қўшинларини Яманга юбориш ва ҳукуматпараст ҳарбийлаштирилган гуруҳларни армия таркибига қўшиш орқали Хартум ўзининг халқаро мавқеини мустаҳкамлашга ҳаракат қилмоқда. Бу, шунингдек, Саудия Арабистони ва Туркия каби эҳтимолий иттифоқчиларга АҚШда Судан ўтиш даври Суверен кенгаши ҳамда Абдулфаттоҳ ал-Бурҳоннинг мавқеини яхшилаш учун дипломатик саъй-ҳаракатлар олиб бориш имконини бериши мумкин.

Ар-Риёд учун Судан жанговчилари арзонроқ куч ҳисобланади

Ямандаги урушда йўқотишларга учраган ва Сано ҳукумати томонидан Саудия Арабистони ҳудудига ҳужумлар кучайган бир шароитда Ар-Риёд ўз хавфсизлигини таъминлаш учун хорижий ҳарбий кучларни жалб қилишга интилган.

Таҳлилда келтирилишича, Саудия Арабистонида тахминан 1,5 минг нафар мисрлик ҳарбий, жумладан, Rafale қирувчи самолётлари, қурол-яроғ ва ҳарбий техника жойлаштирилган. Уларга ҳаво ҳужумидан мудофаа вазифаси юклатилган. Шунингдек, мамлакатга қарийб 8 минг нафар покистонлик ҳарбий ҳам юборилган.

Бироқ «Ансоруллоҳ» ҳаракати ва Яман армиясига қарши бевосита жанг қилиш учун ҳарбий бўлинмаларини юборишга тайёр давлатлар кам. Шу сабабли Суданнинг ҳарбийлаштирилган кучлари Ар-Риёд учун нисбатан арзон муқобил ҳисобланади. Таҳлил муаллифлари қўшинларнинг жойлаштирилиши Саудия Арабистонининг бевосита илтимоси билан амалга оширилаётган бўлиши мумкинлигини тахмин қилган.

Янги ҳарбий куч маркази пайдо бўлиши хавфи

Таҳлилга кўра, Суданнинг Ямандаги ҳарбий иштирокини кенгайтириши бир вақтнинг ўзида бир нечта сиёсий мақсадга хизмат қилиши мумкин. Хартум бу орқали Вашингтонга минтақавий жараёнларда иштирок этишга тайёрлигини кўрсатиш ва Судан инқирозини ҳал этишда АҚШнинг ролига таянишга интилаётган бўлиши мумкин.

Бироқ бу сиёсат Судан армиясининг ўзи учун ҳам хавф туғдиради. Агар ҳарбийлаштирилган гуруҳларни армия таркибига тўлиқ қўшиш жараёни амалга ошмаса, Саудия Арабистони ва Яманга юборилган кучлар қўмондонлари Тезкор ёрдам кучлари тажрибасини такрорлаб, мустақил ҳарбий куч марказини шакллантириши мумкин.

Аксинча, интеграция жараёни армиянинг мавжуд заиф ҳолатида амалга оширилса, бу ҳам унинг ички барқарорлигига салбий таъсир кўрсатиши эҳтимолдан холи эмас. Шу боис, таҳлилда Судан қўшинларининг Яманга қайта жойлаштирилиши нафақат минтақавий ҳарбий мувозанатга, балки мамлакатнинг келажаги ва ички хавфсизлигига ҳам жиддий таъсир кўрсатиши мумкинлиги таъкидланган.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: