Арманистон Россия чегарачиларидан бутунлай воз кечмоқчи
Арманистон яқин йилларда давлат чегаралари хавфсизлигини таъминлашни тўлиқ ўз назоратига олишни режалаштирмоқда. Бу жараён якунлангач, Россия Федерал хавфсизлик хизматига қарашли чегара қўшинлари мамлакат ҳудудидаги фаолиятини тўхтатади.
Бу ҳақда Арманистон бош вазири Никол Пашинян 26 ноябрь куни ҳукумат йиғилишидан кейин ўтказилган брифингда маълум қилди.
«Чегараларимизни ҳимоя қилиб келаётган россиялик чегарачилардан миннатдормиз. Бироқ келгуси йилларда бу масъулиятни тўлиқ ўз зиммамизга олиш вақти келди», — деди Пашинян.
Россия чегарачилари 1992 йилда имзоланган давлатлараро келишув асосида Арманистоннинг Туркия ва Эрон билан чегараларини қўриқлашда иштирок этиб келмоқда.
Мазкур вазифаларни маҳаллий кучларга топшириш жараёни аввалроқ бошланган. Жумладан, 2025 йил январидан Эрон билан чегарадаги «Агарак» назорат-ўтказиш пункти, февралдан эса Туркия билан чегарадаги ўтказиш пункти арман чегарачилари назоратига ўтган.
Пашинян Россия чегара қўшинларининг мамлакатдан тўлиқ чиқиб кетиши учун аниқ санани маълум қилмади.
