Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (9-қисм)
Шундан кейин қиз гапирмай қўйди. Афтидан, у ҳам худди Фазлиддин каби хаёлга берилган бўлса керак. Нимани ҳам хаёл қиларди, дейсизми? Эҳҳе, унинг ҳам орзу-истаклари бир дунё! Фақат буларнинг орасида севги-муҳаббатга жой йўқ эди. Бу қизни кўпроқ сирли ҳодисалар, воқеалар қизиқтирарди. Айтайлик, бирор жойда янги трактор ихтиро қилинибди деса, шунинг тагига етмаса қўймайдиганлар хилидан эди. Аммо унинг ҳам муаммоси бор. Муаммоси — гўзаллиги ва ўзига кўп эътибор бериши эди… Уйини совчи босган. Мана тўрт йилдирки, совчиларнинг қадами узилмайди. Шаҳарда гап отадиганлар, севги изҳор қиладиганларнинг ҳам адоғи йўқ эди. Баъзан шуларни деб у асосий мақсадидан чалғиб қоларди. Кейин ўзини койигани-койиган эди. Дугоналари неча марталаб: «Агар йигитларни ёқтирмайдиган бўлсанг, ўзингга умуман қарама, бўянма, атир-патир сепма», дейишарди. Бироқ у чиройли ва озода бўлиб юришни яхши кўрарди-да. Тушунарсиз ҳолат: битта вужудда икки хил характерга эга бўлган қиз.
— Биласизми, менга сизнинг нимангиз ёқмади? — деб қолди Раъно орадан ярим соатча ўтгач.
— Билмайман, — дея ҳайрон бўлиб қаради Фазлиддин.
— Қарорингизни тезда ўзгартириб юборишингиз ёқмади. Одам битта мақсад сари интилиши керак.
— Ҳимм, ўша мақсадингиз ёлғон бўлса-чи! Яъни ёлғон мақсадли йўл бўлса-чи?
— Нимаси ёлғон экан?
— Тарихнинг туриш-турмуши ёлғон.
— Шунинг учун ўзгартирмоқчимисиз йўналишингизни?
— Ҳа.
— Лекин химияни умуман тушунмайман дедингиз-ку.
— Ўрганаман. Менимча, бунга вақтим бемалол етса керак.
— Етади. Фақат энди югуришингиз керак. Бошқаларга етиб олиш учун шундай қилмасангиз, араванинг орқа ғилдираги бўлиб қоласиз.
— Мен шундай бўлмасликка ҳаракат қиламан.
— Хурсандман.
Уларнинг суҳбати яна узилди. Бу сафар нақ икки соатга. Бу пайтда автобус навбатдаги шаҳарга кириб келаётганди. Ундан кейингиси уларнинг шаҳри. Бироқ улар шаҳарда тушишмайди, ўтиб кетишади. Ҳар иккови ҳам. Бироқ буни билишмайди.
— Мен бориб бирор нима олиб келаман, — деди Раъно деразадан ташқарига қараб, — автостанцияда ҳар хил пишириқлар сотишади. Ўлгудай очқадим.
— Мен ҳам очман. Сиз ўтиринг, мен ўзим бориб келаман, — дея ўрнидан тура бошлади Фазлиддин.
Раъно сурилиб унга йўл берди. Лекин Фазлиддин автобусдан тушолмади. Сабаби ҳамма пахтадан қайтяпти. Автостанция студентлар билан тўлиб тошган эди. Тошкентдан келаётган исталган автобусга иложи борича чиқиб олишга уринишарди. Ҳайдовчиларга ҳам, албатта, шу нарса керак. Ахир кимнинг чўнтагига қўшимча тўрт-беш сўм оғирлик қилади? Ҳеч кимнинг!
Бирдан автобуснинг иккала эшиги ҳам очилди ва шу заҳоти пастда турган студентлар ўзларини ичкарига уришди. Ҳа, уларнинг ҳаммаси студент эди. Ҳаммаси пахтадан қайтганди. Ҳаммасига беш кун дам олиш берилганди. Ҳаммаси уйига ошиқаётганди.
Фазлиддин ташқарига чиқолмай қайтиб келди.
— Сиз дераза томонда ўтиринг! — деди қизга.
— Майли, — дея жилмайди Раъно.
Бирпасда автобусда қадам босишга ҳам жой қолмади. Айримлар бир оёқда тик туриб кетишга ҳам тайёр эди. Нафси ҳакалак отган ҳайдовчилар эса яна қўшимча одам олишга уринишарди. Ўзларича улар савоб иш қиляпмиз деган хаёлда эдилар: агар бу студентларни олиб кетишмаса, улар уйларига кетолмай қолишлари мумкин-да. Тўғри, ҳали турли вилоятларга қатнайдиган ўндан ортиқ автобус тўхтаб ўтади бу ерга. Бироқ, барибир, улар ҳам йўловчиларнинг ҳаммасини олиб кетиши даргумон эди.
Фазлиддиннинг ёнига сариққа мойил, сочлари битта қилиб ўрилган бир қиз туриб қолди. У ҳар икки томондан сиқиларди. Фазлиддин дарров ўрнидан туриб, унга жой бўшатди. Беҳад миннатдор бўлган қиз раҳмат айтиб, унинг ўрнига ўтирди.
Бундан бу ёғига Фазлиддин Раъно билан гаплашмади.
Аста-секин автобусда одамлар камая бошлади, чунки ўзларининг туманларига етиб келганлар тушиб қолишаётганди.
Раъно ҳам манзилига етиб келгач, тушаётганида: «Қайтганингиздан кейин бизнинг ётоқхонага бориш эсингиздан чиқмасин», — дея шивирлаб айтиб кетди.
Фазлиддин уйига етиб борганида, аср вақти тугаб бораётганди. Ҳовлида куймаланиб юрган онаси уни кўриб, қучоқ очиб кутиб олди: юз-кўзларидан ўпди, сўнг айланиб-ўргилиб уйга киргизди. Дарров дастурхон ёзди. Ёнига иккита ёстиқ қўйди. «Йўлдан чарчаб келгансан, ёнбошлаб ол», деди.
Отаси қоронғи тушганидан кейин келди. Боласини уч ойдан бери кўрмаган бўлса ҳам, қучоқлашиб ўтирмади, қўл бериб кўришди.
— Ҳа, келдингми? — деди пинагини бузмай ва печканинг ёнига ўтирди. Шу ер унинг жойи. Қишин-ёзин шу ерда ўтиради. Унинг ўрнини ҳеч ким эгаллаши мумкин эмас. Ёзилмаган қонун бу. Агар болалардан бирортаси эътиборсизлик қилиб печканинг ёнига ўтирса, онаси:
— Тез тур, отангнинг жойига ўтирма, — деб дакки беради.
— Отам ҳозир йўқ-ку. Ишга кетган, ҳали-бери келмайди, — дея гоҳ-гоҳида болалар тўнғиллашади. Бироқ, барибир, онаси ўтиришга рухсат бермайди.
Оилада олти фарзанд: уч қиз, уч ўғил. Фазлиддиннинг битта акаси ва иккита опаси бор. Қолганлари ундан кичкина.
— Ўқишинг қандай? — дея сўради ота хотини узатган пиёлани қўлига оларкан.
— Ўқияпман. Лекин пахта мавсумида ўқиш бўлмади, — деб жавоб қайтарди Фазлиддин.
— Қаерга пахтага бординглар?
— Мен бормадим. Мени қолдиришди, — деди Фазлиддин ва секин отасига қараб қўйди. Сўнг нега қолдирганликларини гапириб берди. Бироқ имомнинг ёнига қатнагани, араб тилини ўргангани ва яна кураш билан шуғулланаётганини айтмади.
— Роса талтайиб дам олиб юрибсан-да, — дея пиёладаги чойдан ҳўплади ота.
— Ишладим-ку.
— Лекин у ишлаганингга ҳақ тўлашмайди. Пахта терганингда пул беришарди. Ҳарна, кийим-кечагингга тўрт-беш сўм ишлаб олардинг, — деб ота бурнини тортиб қўйди ва аёли олдига қўйган косадаги маставага нон тўғраб сола бошлади.
— Бир ҳисобдан, унисиям яхши бўлибди. Ким қаерларда юрарди? Зах ўтиб кетарди, — дея гапга қўшилди Фазлиддиннинг онаси.
Ота қовоғини солиб унга қараб қўйди-да:
— Шунча пахта терганлар захлаб кетибдими? — деди ва косасидаги нонни оғзига сола бошлади.
Шу пайт ташқаридан отасининг укаси — Абдуалим аканинг овози эшитилди. У ҳали уйга кирмаган Баҳодир билан гаплашаётганди. Баҳодир — Фазлиддиннинг укаси.
Ота эшик томонга қаради ва ўтирган жойида бақирди:
— Абдуалим!
Дарров эшик очилиб, отанинг укаси кўриниш берди.
— Ассалому алайкум! — деди у қўлини кўксига қўйиб, сўнг кўзи Фазлиддинга тушиб: — Эй, солдат кепти-ку, — дея илжайди.
— Ҳа, келди, — деди ака косасидаги овқатдан кўзини узмай.
Фазлиддин шоша-пиша амакиси билан қучоқлашиб кўришди.
Амаки бошқача. У хушчақчақ. Болаларига ҳам, бошқаларга ҳам қовоғини солиб қарамайди. Бақириб гапиради. Аммо шу бақириши ҳам ўзига ярашади. Бўйи Фазлиддинникидан ҳам пастроқ. Акасига ўхшашни истамаганидан атайлаб мўйлаб қўйиб олган. Анави ўткир ичимликнинг шайдоси.
— Ака, — деди Абдуалим Фазлиддин билан кўришганидан кейин унинг елкасига қўлини қўйиб, — паншаха керак.
— Ўзингники-чи? — сўради ака.
— Ўзимники бор. Келинингиз қизлари билан ғўзапоя терган экан. Қишлоқнинг тракториям бўш экан. Шунга қоронғи бўлсаям олиб келиб олай, эртага навбат тегадими-йўқми, худо билади, — деди Абдуалим ака.
Фармон ака (Фазлиддиннинг отасининг исми шундай) бирдан аёлига қаради.
— Сенлар термадингларми? — деди.
— Биз карчовка қилганликларини кеч билиб қолдик. Шундаям икки қатор тердик. Эртага пешингача териб қўямиз, — дея елкасини қисди аёли худди айбдордай.
— Унда Фазлиддин билан Баҳодир сен билан борсин, — деди Фармон ака.
— Фазлиддинни қўйинг, ўзи у намозгарда келди. Тошкент анави ер-манави ерда бўлмаса. Чарчаган, — дея шу заҳоти эътироз билдирди аёли.
— Ўлиб қолмайди. Нима, Тошкентдан пиёда келибдими? Автобусда ўтирибгина, ухлаб келган. Бунинг устига, пахтагаям чиқмабди, дам олиб юрган. Боради! — деди Фармон ака кескин.
Унинг гапини биров икки қилмайди. Айтдими, бажарилиши шарт. Оилада қонун шундай.
— Хўп, — деди Фазлиддин.
Абдуалим ака болалари билан терган ғўзапоялар уюми оз эмас, кўп эмас, нақ икки тележка чиқди. Ғўзапояларни ортиб, Абдуалим аканикига олиб келиб туширгунларича вақт алламаҳал бўлиб кетди. Ҳалиям Абдуалим ака Фазлиддинни аяди. Шундоқ бўлса-да, унинг кўзлари юмилиб кетаверди.
Фармон ака иккала ўғлини ҳали қуёш чиқмасидан уйғотди. «Бир тутам кун бор, иккаланг ҳам синглинг билан бирга бориб, тез ғўзапояни теринглар», — деди.
Шу куни Фазлиддин ғўзапоя билан овора бўлди. Эртаси куни аср намозигача яна ғўзапоя. Бу сафар улар терганларини тележкага ортишди.
Фазлиддин роса чарчади. У қишлоқдаги синфдош жўралари билан бирортасиникига кириб гаплашиб ўтиришни ҳам режалаштирганди. Бўлмади. Ҳали Малоҳатларникига бориши керак. У билан гаплашмаса-да, кўришиши шарт. Лекин кунлар шиддат билан ўтиб кетяпти.
Ниҳоят, уйига борганининг учинчи куни у кечки пайт вақт топди. Ўша куни отаси ҳам райкомда мажлис борлиги учун уйга кеч келар экан. Онаси шундай деди. Демак, борса бўлади.
Аммо қиз билан кўришса ҳам, гаплашолмаслиги мумкин эди. Шу боис боришдан олдин у Малоҳатга хат ёзди. Иккита қоғозда. Биттасига у араб алифбосидаги ҳарфларни ўзбекчалаштириб ёзиб чиқди. Албатта, қавс ичида қандай товуш беришини кўрсатиб ўтди. Иккинчи қоғозчага эса нома битди:
«Салом! Аслида, мен сизни кўргани келгандим. Аммо шунчаки келсам бўлмасди. Шунинг учун ҳам отангизга тааллуқли бўлган тарихий маълумотларни йиғдим… Бунинг учун араб алифбосини ўргандим. Лекин ҳали тилни тўла ўзлаштира олганим йўқ. Мен сизга араб алифбосида ёзаман хатларимни. Албатта, рози бўлсангиз. Бировлар тушунмаслиги ва бирор кимнинг қўлига тушганида сиз уялиб қолмаслигингиз учун…»
Бўлди, бор-йўғи шу эди унинг ёзганлари. Бу хатларни у кўйлагининг кўкрак чўнтагига икки буклаб солиб қўйди. Олиш ва эгасига бериш осон бўлсин деб шундай қилди.
Кейин укасининг велосипедини олди. Ҳар қалай, оралиқ масофа уч километрча келади. Пиёда боришга камида бир соат сарфлайди. Вақтни тежашга эса, албатта, минадиган улов керак эди.
Қуёш ботиб, энди қоронғи тушаётганида у Малоҳатларнинг уйи яқинига етиб бориб, уловдан тушди. Бундан бу ёғига миниб бориш ноқулай туйилди. Юрак эса гупиллаб урар, бутун танасини ҳаяжон эгаллаб олганди. У ўзини қўлга олишга қанчалик ҳаракат қилмасин, сира уддасидан чиқолмади. Кейин таваккал шу ҳолида борди.
(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)