Фицога суиқасд қилишда гумонланган шахс умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилиши мумкин
Словакия Бош вазири Роберт Фицога суиқасд қилишда гумонланган шахс Юрай Цинтула умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилиши мумкин.
Бу ҳақда SМЕ нашри хабар берди.
Қайд этилишича, гумонланувчи 71 ёшда бўлиб, аввал савдо марказида қўриқчи бўлиб фаолият юритган. Гумондор бугун, 18 май куни кучайтирилган хавфсизлик чоралари остида суд залига олиб келинди. Унга қасддан суиқасд уюштириш айби қўйилган.
Цинтула суд давомида қилган ишидан афсусда эмаслигини таъкидлади. У амалдаги сиёсатдан норози бўлгани учун ҳукумат раҳбарига қарата ўқ узганини билдирди. Аниқланишича, у бош вазирни ўлдирмоқчи эмас, балки жароҳатламоқчи бўлган.
Маълумот учун, Фицога суиқасд 15 май куни Словакия ҳукумати йиғилиши бўлиб ўтаётган Гандлова шаҳарчасида содир бўлган. Бош вазир оломон орасидан ўтаётганда одамлардан бири унга исмини айтиб мурожаат қилган, сўнг тўппончани чиқариб, ўқ отишни бошлаган. Шундан сўнг, гумондор воқеа жойида қўлга олинган. Фицога учта ўқ теккан. Унинг аҳволи барқарор, аммо оғир экани айтилмоқда.