Лавров Россия нега “Толибон”ни террорчилар рўйхатидан чиқараётганини тушунтирди
“Толибон” ҳаракатини Россияда тақиқланган террорчилик ташкилотлари рўйхатидан чиқариш ташаббуси унинг Афғонистонда ҳақиқий кучга эга эканлиги билан боғлиқ. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров маълум қилди.
“Улар ҳақиқий кучдир. Афғонистон бизга бефарқ эмас. Бу эса, айниқса, Марказий Осиёдаги иттифоқчиларимизга бефарқ эмас. Демак, бу жараён воқеликни англашни акс эттиради”, дейди Лавров.
Россия ТИВ раҳбари, шунингдек, БМТ Хавфсизлик Кенгаши “Толибон”ни террорчи ташкилот деб эълон қилмаганини урғулади.
Ташқи ишлар вазирлигининг позицияси Россия Адлия вазирлиги томонидан қўллаб-қувватланади. Кеча, 27 май куни иккала идора ҳам Президент Владимир Путинга ўз позициясини билдиргани маълум бўлди. Россия, шунингдек, Афғонистон Ислом Амирлиги (тан олинмаган) расмийларини Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумида иштирок этишга таклиф қилган.
“Толибон” Россияда 2003 йилнинг март ойидан бери Олий суд қарори билан террорчи деб тан олинган. 2021 йил 15 августда ҳаракат Афғонистонда ҳокимиятни қўлга олди. 2023 йил декабрида Қозоғистон ҳукумати “Толибон”ни тақиқланган гуруҳлар рўйхатидан чиқариб ташлади. “Толибон” Қирғизистон ва Тожикистонда террорчи ташкилот сифатида тан олинган. Ўзбекистон ва Туркманистонда бу ҳаракат расман тақиқланмаган.