Трамп TikTok аккаунтини очди
АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп Хитойнинг ByteDance концернига тегишли TikTok ижтимоий тармоғида аккаунт очди. Бу 2 июнь, якшанба куни Трамп ўз аккаунтида биринчи видеони жойлаштирганида маълум бўлди. Бу ҳақда Kazinform dw.com’га таяниб ёзди.
Видео Ньюаркда аралаш яккакурашлар бўйича халқаро Ultimate Fighting Championship (UFC) мусобақаси тадбирларидан бирида суратга олинган. Видеода UFC бош директори Дана Уайт ҳам бор. Видеонинг бошида у “Президент ҳозир TikTokда”, деб эълон қилади, Трамп унга “Бу шараф”, деб жавоб беради. Қисқа видеонинг қолган қисми АҚШнинг собиқ президенти трибунадаги томошабинларга қўл силтаб, улар билан селфи тушаётгани тасвирларидан иборат.
TikTok аккаунти Трампга ёшроқ аудиторияни, жумладан АҚШда бўлажак президентлик сайловлари олдидан потенциал сайловчиларни жалб қилишга ёрдам бериши мумкин, деб ёзади Politico. 24 соатдан камроқ вақт ичида Трампнинг биринчи видеоси деярли 56 миллион марта кўрилган ва унинг аккаунтида 3 миллионга яқин обуначи бор.
Бир неча ой олдин АҚШнинг амалдаги президенти Жо Байденнинг сайловолди идораси TikTok аккаунтини очди – унинг 340 мингга яқин обуначиси бор.
Байден кампанияси TikTokда аккаунтга эга бўлишига қарамай, АҚШ расмийлари сўнгги ойларда мамлакатдаги ижтимоий тармоқни чеклашга уринмоқда. Апрель ойида Байден Конгресснинг иккала палатаси томонидан тасдиқланган қонунни имзолади. У ижтимоий тармоқнинг хитойлик эгасига бир йил ичида ўз бизнесини Хитой юрисдикциясидан ташқаридаги компанияга сотишни буюрди. Акс ҳолда, TikTok АҚШда блокланиши мумкин.