Нуриддин Исмоилов асари: «Жосуснинг ўғли» (9-қисм)
Кечга томон уйига қайтиб келди. Барно нон ёпибди. Айни Собирнинг келишига. Иссиққина экан. Яна картошка билан гўшт димлабди. Яна уларнинг қатиғи ҳам бор эди. Собир роҳатланиб овқатланди. Кўп еди.
— Бу ерда одам тўйдимини билмас экан, — деди у иккита нонни паққос туширганидан сўнг, — энди бу қорин билан қандай ухлайман?..
— Ҳеч нима қилмайди. Ҳаво тоза-да. Шошмай туринг, салдан кейин яна очқаб кетасиз, — дея кулди Барно. — Лекин энди ўша ариқчани қазишга Бахтиёр иккаламиз ҳам кетамиз.
— Бу ерда ким қолади? Сигир-бузоқ бор…
— Фақат сигир-бузоқ эмас, трактор ҳам бор. Тракторнинг тележкасига емишни ортасиз, орқасига сигирни боғлайсиз… Ҳаммамиз кетамиз. Сиз ишлайсиз, мен Бахтиёр билан бирга ишингизни томоша қилиб ўтираман.
— Бўлди, келишдик. Шундай қилсак, мен ҳам сизлардан хавотир олмайман.
Собирнинг иши унди. Кеча кўнглида хавотир бор эди. Бугун эса йўқ. Чунки хотини билан боласи шу ерда. Тележканинг тагига кириб олишган улар. Чунки у ер соя-да. Аммо Бахтиёр бир жойда ўтирмайди. Ҳали у ёққа югуриб кетади, ҳали бу ёққа. Фақатгина пешиндан кейин чарчаб ухлаб қолди.
Тўртинчи кун. Барно билан Бахтиёр Собир ариқча қазиётган адирнинг бошқа томонида эди. Собир берилиб ишлаётган эди. Кутилмаганда икки юз-уч юз қадамча нарида ўзи томон келаётган одамга кўзи тушди. Ва қаддини ростлаб, ўша одамга тикилди. У чол эди. Бошида оппоқ салласи бор эди. Яна чопонда ва яна оппоқ соқоли кўксига тушиб турарди. Шу туришида у саксондан ошган бобойга ўхшарди. Бироқ қадам босишлари йигитларникидай эди… «Бу ерларда чол нима қилиб юрибди?» хаёлидан ўтказди Собир кийим-бошига ўтириб қолган чангни қоқаркан…
— Ассалому алайкум, — деди чол ёнига яқинлашиши билан.
Ғалати томони, чол жудаям тез етиб келди ва яна Собирнинг назарида у юриб эмас, учиб келгандай бўлди.
— Ва алайкум ассалом, — дея алик олди чол ширали овозда.
— Бу ёқларда нима қилиб адашиб юрибсиз? — сўради Собир ва кўришиш учун иккала қўлини ҳам чол томонга узатди.
— Сувинг борми? — деди чол Собирнинг саволига жавоб бермасдан. Шу билан бирга Собирнинг қўлини ушламади.
— Ҳа, бор, — деб Собир кетмоннинг ёнида турган чойнакни олиб, чолга узатди.
— Эй-й, болам, менинг қўлим ишламайди, оғзимга чойнакни ўзинг тутиб тур, — деб жилмайди чол.
— Хўп.
Собир унга сув ичирди. Сувнинг бир қисмини чол ютар, пичаси эса оғзининг чаккасидан оқиб соқолини ҳўл қилар эди. Собир карахт бир аҳволда эди. Сеҳрланиб қолганга ўхшарди.
Чол сув ичиб бўлди.
— Раҳмат, болам. Умрингдан барака топ. Лекин ҳозир сен бошқа ёққа қараб ариқ қазияпсан. Ариқни нариги томондан ўтказ, хотининг билан ўғлинг турган томонга. Адир бўйлаб қазийсан, шунда сув уйинггача осон боради, — деди чол ва бошқа сўз демай кета бошлади.
Собир эса қўлида чойнак билан анқайганча тураверди. Чол қандай тез етиб келган бўлса, худди шундай узоқлашди. Тоғ томонга, булоқ томонга. Кейин кўринмай кетди. Ёки бирдан кўздан ғойиб бўлди. Ана шундан сўнггина Собир ўзига келди. Шу заҳоти хаёлига ўғли билан хотини тушди ва у шоша-пиша қўлидаги чойнакни ерга қўйиб, адирнинг нариги томонига югурди. Тепага чиқди. Сойда, тележка ёнида Барно ўтирибди. Бахтиёр унинг ёнига югуриб келиб, ниманидир берар ва яна ортига қайтиб югуриб кетарди.
— Чол, — деди ўзига-ўзи Собир, — умуман бошқа тарафдан келди, унга Барно билан Бахтиёр кўринмаслиги керак эди. Лекин у… Тушимми, ўнгимми?! Офтоб бошимдан ўтдими? Бошимга рўмол ўраб олганман-ку. Кун ҳам иссиқ эмас. Бу ёғи куз…
У ерга ўтирди-да, бошидаги рўмолни ечиб олди ва пешонасидан оқаётган терни артди. Шунда чанқаганини ҳис этиб, чойнак томонга қўлини чўзди ва бирдан яна ёдига чолнинг сув ичаётгани тушди. Чол сув ичаяпти, оғзининг чаккасидан оққан сув соқолини ҳўл қилаяпти. Оппоқ соқол. Қандайдир ялтирайдиган, товланадиган соқол…
Собир чойнакка лабини теккизар-теккизмас ундан қандайдир хушбўйлик таралаётганини ҳис этди… Ичмади. Ўрнидан туриб кетмони ва белкурагини елкасига қўйди. Бир қўлига чойнакни олиб, адир тепаси томон юрди…
Барно эрини яқин қолганда кўриб қолди ва қийналиб ўрнидан турди. Ахир унинг ой-куни яқинлашиб қолган. Ҳализамон тўлғоқ тутиб қолса ажабмас…
— Эрта қайтдингизми? — сўради Барно эридан.
— Ҳа. Чарчаганга ўхшайман, — дея баҳона қилди Собир.
— Ўзи мен сизнинг тонгдан кечгача тиним билмай ишлаётганингизга ҳайрон қолаётгандим. Сизнинг қилаётган меҳнатингизни туя қилса, ағанаб тушади. Айрон тайёрлаб қўйдим, — деди Барно кулиб.
— Зўр. Чанқагандим.
— Сувингиз бор-ку.
Собир чойнакка қаради. Яна чол сув ичаётган лаҳзани хотирасида тиклади ҳамда чойнакни Барнога узатди-да:
— Чумагини ҳидлаб кўр. Лекин лабингни теккизма, — деди.
— Нега? — дея ҳайрон бўлиб сўради Барно.
— Шунчаки.
— Майли.
Барно шундай деб секин чойнакнинг чумагига бурнини яқинлаштирди. Ҳидлади. Ҳайрон бўлди. Эрига қаради. Елкасини қисди. Яна ҳидлади.
— Қандайдир атир ҳиди келяптими? — деди.
— Атирмас. Мушк.
— Бирорта қизга сув бердингизми?..
Собир кулиб юборди.
— Шу даштда қизга бало борми? Бўлган тақдирда ҳам минг кийимига, юзига атир ёки шунга ўхшаган бир балоларни суртган бўлсин, терлайверганидан тер ҳиди келиб қолади.
— Унда нега бунақа ҳид келяпти?
— Билмадим! Шуни сезганим учун ҳам сенга олиб келиб ҳидлатдим-да…
— Ҳа-а, топдим. Кимнингдир атири булоққа тушиб кетган…
Собир Барно гапини охирига етказмасидан хохолаб кулиб юборди. Барно қизарди ва қовоғини осилтирди.
— Бу гапинг ҳаммасидан ошиб тушди-ку. Атир булоқнинг сувига тушиб кетганмиш, — деди Собир кулгидан ўзини зўрға тўхтатиб.
— Бўлмаса, нима?..
— Билмадим. Айронингни бер.
Айрон ичиш асносида Собирнинг бутун танаси яйради ва у секин бошини хотинининг тиззасига қўйиб кўзини юмди. Бундан фойдаланган Бахтиёр дадасининг устига чиқиб, ўтириб олди-да, сакрай бошлади.
— Ундай қилма, даданг чарчаган. Даданг қизларга сув бериб чарчаган, — дея кесатди Барно.
Собир кўзини очиб, хотинига қаради-да:
— Озроқ ётай, кейин уйга кетамиз, — деди.
Ўша озроқ ётишнинг ўзида у уйқуга кетди. Жуда тез ухлаб қолди. Барно эрининг юзига синчковлик билан тикилиб, бир нималарни қидирди…
Вақт асрдан оққанида Собир кўзини очди.
— Совқотдим, — деди.
— Уйга кетаверайлик, — дея унинг қаради Барно.
— Ҳимм, Бахтиёр қани?..
— Уям, мана, орқа томонингизга ўтиб ухлади.
Собир уюшиб қолган қўлини силади. Сўнг керишиб олди…
Трактор жуда секин юрарди. Чунки унинг тиркамасидаги тлежканинг орқасига сигир боғланган. Тележканинг устида эса Барно Бахтиёр билан бирга ўтирибди…
Собир уйи яқинида машина изини кўрди ва бирдан тракторни тўхтатиб, сакраб ерга тушди. Изга тикилди. «Нива, — дея хаёлидан ўтказди. — Директорнинг «Нива»си бор. Лекин у келмаган. Келганида менинг ёнимга борарди. Албатта, мен билан учрашиб кетарди. Мени танийдиган бошқа одамларда бунақа машина йўқ. Демак, бегоналар келишган». Шундан сўнг хотини билан ўғлининг тележкадан тушишига ёрдамлашди. Одати бўйича у кейин сигирни ечиб олиши, оғилга олиб бориши керак эди. Бироқ бундай қилмади. Тўғри уйига борди. Эшикни очди-да, остонага қаради. Оёқ кийим изини кўрди.
— Нима гап? — сўради Барно ҳайрон бўлиб.
— Шошмай тур, — дея Собир секин ичкарига кирди. Гилам, тахланган кўрпалар, деразани зумда кўздан кечирди. Ҳеч бирида ўзгариш йўқ. Бундан чиқди, келган одам ичкарига кирмасдан остонанинг ўзидан ортига қайтган. «Қизиқ, ким бўлдийкин у?» дея хаёлидан ўтказиб ортига ўгирилди Собир.
— Собир ака, юрагимни ёрманг, ўғри-пўғри кирибдими уйимизга? — дея ундан сўради Барно киприкларини пирпиратиб.
— Шунга ўхшайди. Балки, ўғри эмасдир. Шунчаки, биров келиб кетгандир. Чунки бизникида ўғирлайдиган нарсанинг ўзи йўқ. Бўлди, сен кириб ўтириб тур, мен сигирни оғилга боғлаб келай.
Собир оғилнинг кичкинагина деразачасининг тагида қоғоз кўрди. Бу оддий қоғоз эмас эди… Ўша ўзининг уйидан топгани каби варақа эди. Кейин журнал ҳам топди. Бу ҳам худди шунақа. «Ҳимм, мақсадларинг олдиндан маълум эди-ю, лекин бунчаликка борасизлар, деб сира ўйламагандим», деб ўйлади Собир ва оғилдан кайфиятсиз бир аҳволда чиқди. Шунда унинг кўзи уйига яқинлашиб келаётган одамларга тушди. Бири Эгамқул ака. Иккинчиси Саида… Кўнглига энган ғубор бир лаҳзада йўқолгандай бўлди.
— Буларнинг бизни эслайдиган вақти ҳам бўларкан-ку! — дея ҳазиллашди. Сўнг бориб биринчи марта Эгамқул ака билан қучоқлашиб кўришди. Бундан мурод ички қаҳр-ғазабини, аламини, ҳаяжонини чиқариб юбориш эди. Шундай ҳам бўлди. У енгил тортди ва меҳмонларни уйга таклиф қилди. Аммо ўзи ўтирмади. Барнога меҳмонларга қарашни буюриб, ўзи ўчоқнинг ёнига келди. Топганларига ўт қўйди. Уларнинг ёниб бўлишини кутди. Сўнг уйга кирди.
— Тўрт кундан бери хабар ололмаймиз. Буларнинг дараги ўчиб кетди, деган бўлсанглар керак, — деди Эгамқул ака Собир кўрпачага ўтириши билан.
— Ҳа. Қутулолмай юришган экан, дедик, — дея кулди Собир.
— Шунинг учун келдик-да, — деди Саида.
Саиданинг юзи аввалгидан анча тиниқлашганди. Собир неча марта синглисидан соғлиғи ҳақида сўрамоқчи бўлди. Аммо тилини тишлади. Бунга синглисининг кундан кунга яхши тарафга ўзгараётгани ҳам сабаб эди.
Улар талай муддат суҳбатлашиб ўтиришди. Ош ейишди. Ошни Саида қилган экан. Бироқ келгунларича совиб қолибди. Барно чиқиб иситиб келишга мажбур бўлди.
— Эгамқул ака, — деди Собир ош ейилиб бўлинганидан кейин, — қишлоқда «Нива»си бор одам борми?..
— Йўқ. Шу битта директорники бор. Уям эскириб кетган. Анави кун ёмғирда тўртта ғилдираги айланиб бир жойда қолиб кетибди. Чунки ғилдирагининг тиши йўқ экан, кал одамнинг бошидай бўлиб қолган-да.
Собир «Ҳа», дея бошини қимирлатди. Чунки унинг тахмини ҳақиқатга айланган эди. Молхонадан топилган қоғозларнинг ўзи уйига уларнинг йўқлигида бошқа «меҳмон»лар келиб кетганини «гапирганди». Энди Эгамқул аканинг сўзлари ҳам буни тасдиқлаб турибди.
(Асардан парча тугади. Унинг тўлиқ вариантини онлайн китоб ҳолида сотиб олиб ўқишингиз мумкин)
‼️ Диққат! Диққат!
🟢 Муҳтарам мухлислар!
❇️ Севимли ёзувчингиз Нуриддин Исмоиловнинг “Саҳро арслони” китоби онлайн сотувга чиқди!
🌍 Ушбу китобнинг онлайн версиясини сотиб олиш жуда осон: уйингиздан чиқмасдан, 5614681819585302 пластик картасига пул ўтказасиз ва тўлов квитанциясини суратга олиб, +998909381539 рақамига телеграм орқали юборасиз. Шундан сўнг сизга махсус пароль берилади. Сиз https://hordiq.uz/2024/05/23/nuriddin-ismoilov-asari-sahro-arsloni-elektron-kitob/ ҳаволасига кириб, ўша паролни терсангиз, бўлди, телефонингизда ҳақиқий мутолаа завқини берувчи электрон китоб чиқиб келади. Телефонингизда уни бемалол варақлаб ўқийверасиз.
🔰 Онлайн китоб нархи: 30 000 сўм.