Ўзбекистонда АҚШ визаси учун суҳбат шакли ўзгаради
Ўзбекистонда АҚШ визаси учун янги виза суҳбатини белгилаш тизими ишга тушади. Бу ҳақда Тошкентдаги АҚШ элчихонаси хабар берди.
Янги хизмат ёрдамида виза мурожаатчиларининг виза бўйича маълумотга эга бўлиш, талаб этилган виза учун маъмурий тўловни амалга ошириш, виза бўйича суҳбат санасини белгилаш ҳамда етказиб бериш хизматидан фойдаланиш имкониятлари мавжуд бўлади.
Янги суҳбат тизими 10 июндан бошлаб https://ais.usvisa-info.com/ веб-сайтида, 2 июль ва ундан кейинги саналарга барча ноиммиграцион виза суҳбатлари санасини белгилаш учун фаолият юрита бошлайди.
«Янги суҳбат тизими орқали, суҳбатсиз визага мурожаат этиш талабларига жавоб берувчи мурожаатчилар, етказиб бериш хизмати ёрдамида ҳужжатларини Консуллик Бўлимига топширишлари ҳамда ҳужжатларини белгиланган тегишли бўлинмадан қабул қилиб олишлари мумкин бўлади.
АҚШ Давлат Департаментининг аввалги суҳбат тизимидан фойдаланган ҳолда Июнь ойи учун суҳбат санасини белгилаган виза мурожаатчилари, белгиланган санада виза суҳбатига келишлари ва виза учун тўловни бинонинг ичида суҳбатдан аввал амалга оширишлари керак бўлади.
Ушбу жараёндаги янгиланишлар натижасида виза учун маъмурий тўлов миқдори ўзгармаслигини инобатга олишингизни сўраймиз» дейилади хабарда.