Россияда ниқоб тақиқланиши мумкин
Россия Тергов қўмитаси раиси Александр Бастрикин мамлакатда ниқоб кийишни “зудлик билан” тақиқлашга чақирди. Бу ҳақда Deutsche Welle хабар берди.
Бастрикинга Халқаро ёшлар юридик форумида Марказий Осиё давлатларида юзни ёпувчи диний кийим кийиш тақиқлангани айтилган.
“У ерда ниқоб кия олмаганлар бу ерга кўчиб келиб, Россияда кияди”, — деган мурожаатчилардан бири.
У Россияда ҳам худди шундай тақиқни жорий этишни таклиф қилган ва ниқоб ортида “қандайдир террорчилар ҳужайраси ухлаб ётган бўлиши мумкин”лигини айтган.
“Сиз айтган нарсани тақиқлаш бўйича қонунни Давлат думаси қабул қилади. У ерда тақиқланган, бизда эса йўқ. Нега? Мен сабабини билмайман, қонунчи эмасман. Сизнинг фикрингизга қўшиламан зудлик билан буларнинг барчасини тақиқлашимиз лозим”, — дея жавоб берган Александр Бастрикин.