Apple камерали АirPods ишлаб чиқармоқчи
Apple компанияси 2026 йилга бориб янги камера модулларига эга AirPods’ларни оммавий ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда Бу ҳақда таҳлилчи Минг-Чи Куо хабар берди.
Янги қулоқчинлар iPhone ва iPad’даги Face ID модулининг бир қисми сифатида инфрақизил камерага эга бўлиши мумкин. Apple компаниясининг мақсади камера билан жиҳозланган AirPods’ларни Vision Pro ва келажакдаги Apple Vision минигарнитуралари билан интеграция қилишдир:
Масалан, фойдаланувчи Vision Pro ёрдамида видео томоша қилаётганда янги AirPods тақади. Агар фойдаланувчилар бошларини маълум бир томонга ўгирсалар, аудио атроф-муҳитга мослашиши кутилмоқда.
Бундан ташқари, AirPods’нинг инфрақизил камераси атроф-муҳитдаги ўзгаришларни аниқлаш, “инсон ва қурилма ўртасидаги алоқани яхшилаш учун ҳавода имо-ишораларни қайд этиш имконини беради”.
Куонинг таъкидлашича, Foxconn компанияси AirPods билан ишлатиладиган инфрақизил камера етказиб берувчиси ҳисобланади. У йилига 18-20 миллионта камера ёки 10 миллион жуфт AirPods’ни технология билан таъминлаши кутилмоқда.