Таълимга ишонч камайганми ёки давлатгами?
Билимни баҳолаш агентлиги маълум қилган статистик маълумотларга қараганда, бу йил олий ўқув юртларига 894 279 нафар абитуриент ҳужжат топширган. Бу эса ўтган ўқув йилидан 54 207 нафарга кам, дегани. Хўш, ушбу тафовутнинг сабаби нима?
БИРИНЧИДАН, бугун Ўзбекистон ёшлари давлат олийтаълиммуассасаларини (ОТМ) маъқул кўришмоқдами ёки хусусий ОТМ лариними? Балки ўқувчилар тинимсиз шуғулланишни эмас, пул эвазига талаба бўлишни маъқул кўришаётгандир. Шунинг учун ҳам давлат ОТМ ларига бўлган эҳтиёж нисбатан камайган бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Сабаби йилдан йилга хусусий таълим даргоҳлари кўпайиб бормоқда. Албатта, бу борада жуда кўпчилик “Ўқув юртига киргандан сўнг ўқиш муҳим шундагина киши ўз соҳаси мутахассисига айланади” деб жавоб бериши мумкин. Лекин, ўқишга киргунга қадар ўқимаган, ўз устида ишламаган ёшларнинг ўқишга қабул қилингандан сўнг соҳа мутахассиси бўлиш учун бирор фан ёки жараённи ўрганиши ҳам даргумондир.
ИККИНЧИДАН, университетда ўқишга нисбатан қизиқиш камайгани тез-тез ўзгараётган янги тартиблар билан ҳам алоқадор бўлиши мумкин. Чунки бу йилги тартиб ва тизим кейинги йилга умуман тўғри келмай қўйди. Мактабни тамомлаб, янги ҳаётга қадам қўяётган ёшлар устида янги ислоҳотлар, чет эл талаблари орқали тажриба ўтказилаётганга ўхшайди. Тушунарлироқ айтганда, бу ҳолат фақат абитуриентларга эмас, уларнинг ота-оналарига ҳам қийинчилик туғдирмоқда. Масалан, битта фарзанди талаба бўлган ота-она кейинги фарзанди ҳужжат топширадиган пайтида тартиб ўзгаргани боис тушунмаслиги ва бу англашилмовчиликларга сабаб бўлиши мумкин. 2022-2023 ва 2023-2024 ўқув йилларидаги ўқишга кириш, ҳужжат топшириш ҳамда олийгоҳ танлаш тартиби орасида ер билан осмонча фарқ бор.
УЧИНЧИДАН, абитуриентларни қизиқтирган баъзи саволларга аниқ жавоб йўқлиги ва турли миш-мишлар давлат ОТМларига бўлган ишончнинг пасайишига сабаб бўлиши мумкин. Шундай миш-мишлардан бири бу мактабни тамомлаганлик ҳақидаги ҳужжат – аттестат билан боғлиқ. Шу ҳақида миш-мишлар урчиб, “Тўлиқ 5 баҳо билан якунлаганлар имтиҳонсиз қабул қиланар экан”, ёки “5 баҳо билан мактабни якунлаганларга қўшимча балл қўшилар экан” қабилидаги гаплар ҳар йил охирида кўпаяди. Тегишли ташкилот ва масъул мутасаддиларнинг вақтида бермаган жавоби, очиқлик киритилмагани ота-оналарни мактаб маъмуриятига пора беришга ва баҳоларни яхшилашга ҳаракат қилишига сабаб бўлади.
Муаммо фақат қизиқиш камайганида эмас…
Олий таълим даргоҳига ҳужжат топшириш, олий маълумотли бўлиш ва фозил одамлар шаҳрини биргаликда барпо этиш ҳақидаги жарангдор нутқ ҳамда шиорлар баралла янграб турган пайтда, олий ўқув юртига киришга бўлган қизиқишнинг камайгани бир томон бўлса, йилдан-йилга ёшлар орасида жиноятчиликнинг ортиб бораётгани ва шу ортиб бораётган рақамлар айнан 18-30 ёш оралиғи, яъни олийгоҳ талабаси бўлиб, ҳаётда ўз ўрнини топиш лозим бўлган бир даврда бўлаётгани ачинарли ҳолат, албатта.
Ўзбекистоннинг 14–30 ёшдаги жами доимий аҳоли сони 9,6 млн нафарни ташкил этади. Бу эса ўртача ҳисобда 1-2 млн. нафар ёшлар олий ўқув юртида ўқиш ёшида деганидир. Ёшларнинг олий ўқув юртларига ҳужжат топширмаган ва ишламаётган қисми ҳам бор. Улар ҳозир нима билан банд?
Ички ишлар вазирлиги берган очиқ маълумотлар кишини ҳайратга солади. Бунга кўра 18 -30 ёш оралиғида содир этилган жиноятлар сони:
09.25.2023 йил – 6915 та;
2022 йил – 6780 та;
2021 йил – 5934 та;
2020 йил – 5393 та
Кўриб турганингиздек сонлар йил ўтгани сари ошгандан ошиб борган.
Шу ўринда, 2024 йил 2 февралдаги ПҚ-54-сонли Ўзбекистон Республикаси Президентининг Таълим соҳасидаги ислоҳотларни жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида қарори ҳам амалдадир. Аслини олганда бу борада, бу қарордан ташқари ҳам, қонун, қарор, ислоҳот ва фармонлар етарлича. Лекин негадир бугун буларнинг таъсири деярли сезилаётгани йўқ.
Маблағлар ажратиляпти, аммо натижа…
Мамлакатимизда давлат ғазнасидан ҳарбий соҳа ва тиббиётдан ташқари таълимга ҳам йирик улуш, миллиардлар ажратилади. Фикримизнинг исботи жорий йилнинг 25декабрь куни Президент 2024йил учун «Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонунни имзолади. Қонунга кўра, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига 47 трлн сўмга яқин пул ажратилди. Ушбу пуллар 9 йўналиш бўйича тақсимланиши кўзда тутилган. Аммо нега, нима учун таълим олишдаги вазият кўнгилдагидек эмас.
Ўзбекистондаги ислоҳотлар ва таълимга қаратилган эътиборни Таиланд тажрибасига қиёслашимиз мумкин. Мамлакат тарихига нигоҳ ташлайдиган бўлсак, мустақилликка эришган кезларида даромадининг асосий қисмини тиббиёт ва таълимга йўналтирган эди. Шундан сўнг мамлакатда йиллар давомида тараққиёт тезлашиб, мисли кўрилмаган натижаларга этишган ва бугун дунёнинг тараққий топган мамлакатларидан биридир.
Бизнинг мамлакатимизда ҳам таълим учун миллионлар, триллионлар ажратилмоқда. Лекин, шу пуллар тўлиқлигича соҳа учун сарфланяптими? Қай мақсадларда ишлатиляпти? Такрор-такрор гоҳ у, гоҳ бу хориж тажрибасини кўчириш учун уринаверсак-да, аммо шохдан шохга қўнган мусича каби аниқ қўним топа олмасак, ислоҳотлар бундай вазиятда ўз самарасини бера олмайди. Шундай экан, ҳужжат учун, ҳисобот учун тартибни янгилашни тўхтатиб сифатли ишлашни бошлаш лозим. Шундагина давлатга ҳам, таълимга ҳам ишонч ортади.
Мафтуна Ёдгорова