Нуриддин Исмоилов асари: “Гуноҳкор” (4-қисм)
Ўткир умуман бошқача ўйлаётганди. Булар унга ҳеч қачон яхшилик қилишмайди. Яхшиликларининг ҳаммаси пуллари тугагунча, ана ундан кейин билган кўйларига солишади. Адвокат ўзини жуда меҳрибон кўрсатяпти. Ўзи келганига, танишганига неча кун бўлди?.. Ўзини тутиши жигарлариникидан ҳам яқин… «Ҳимм, ҳаммасини тушунаман», деди ўзига-ўзи у.
— Хўп, мени қутқаришнинг имкони йўқ экан. Демак, узоқ муддатга қамалиб кетишимдан ҳам сақлаб бўлмайди, тўғрими?! — деди у адвокатга.
— Энди буниси, ака, вазиятга боғлиқ. Мен сизга айтай, терговчининг ҳам қўлидан бир иш келмай турибди. Айтдим-ку, бош мақсадимиз сизга азоб бермаслик. Агар шундай бўлса, у ёғини менга қўйиб бераверинг. Ўзим ҳаммасини жой-жойига қўяман. Хў-ў-ш-ш, яқин кунларда сизни бу ердан чиқаришади. Лекин борадиган жойингизни тартибга солиб қўймасак бўлмайди. Биласиз, у ерда ёлғиз ўзингиз бўлмайсиз. Ашаддий жиноятчилар сизнинг ҳамхонангиз бўлишади… Уларнинг ораларига тушмаслик учун эса махсус камерани таъмирлаб қўйиш керак. Юмшоқ стул бўлади. Янги каравот бўлади. Деворлари бўялади…
— Лекин бундан олдин, — дея унинг гапини бўлди Ўткир, — начальникнинг хонасини ремонт қилмасак, у биздан хафа бўлиши мумкин. Яна зўр экан, деб менинг камерамга ўзи кириб олмасин!..
— Бор бўлинг, ака!.. Бўлди, бажарамиз.
— Мени шу укам билан бир кўриштиринг. Роса соғиниб кетдим…
— Ака, ҳозирмас. Оёққа туринг. Кейин учрашув ташкил қиламиз.
«Ҳа-а, унгача сен мени анча шилиб оласан», дея кўнглидан ўтказди Ўткир.
Саттор унинг елкасига қоқиб қўйди. Ўткирдан ўн минг долларга хат ёздириб олди. Сўнг кетди.
«Эй-й, Маҳкам укам. Жигаргинам. Яхшиям онам сени туққан экан. Сен бўлмаганингда нима қилардим?! Ишқилиб, жонинг тошдан бўлсин, ука. Сен мендан пишиқроқсан, ақллироқсан, ҳамма нарсанинг олд-орқасига қараб, кейин иш қиласан», дея Ўткир ёстиққа бошини қўйганча кўзларини юмди.
Ўткир тўла соғайгунича Саттор ўн мартадан зиёд келди. Хотинларининг саломларини олиб келди. Фарзандларининг аҳволини айтди. Ва ҳар сафар пул олишга қоғозча ёздириб кетди… Бир сафар нақд эллик мингга ёздириб олди.
— Берадиганлар бор ака, бу ҳеч қанақа ремонт-пемонтга эмас. Сиз билан қизиқаётганларга. Биласиз, уларнинг қизиқишлари жуда қиммат туради.
«Мен билан қизиқаётганлар, бормисизлар? Очиғини айтганда, мен ҳам сизларни соғингандим… Мени ҳаром пулни ўмардинг, деб бу ерга олиб келдинглар. Энди ўзларинг шу ҳаром пулдан умидвормисанлар? Қойил. Сизларники билинмайди. Сенларнинг оғизларинг сасимайди… Менинг қўлларим сасиб кетган… Эй-й, ҳамма ёғим сасиган. Ёнимга яқинлашиб бўлмайди. Лекин сизлар бемалол келаверасизлар. Чунки бурунларинг кўникиб кетган бунақа ҳидга… Менинг ёнимга бошқалар яқинлаша олишмайди… Аммо шундай одам бормикин? Мен ичиб, «ўтириб» қўйганларни айтмаяпман. Ўзларини ниҳоятда сипо тутишиб, эгниларига ҳали бир марта ҳам ғижим бўлмаган костюм-шимларни кийиб олганларни айтяпман… Тўхта, аслида, улар мендан ҳам баттар сассиқлар. Аммо сассиқликларини ҳар хил атир-упалар билан беркитишади. Атир-упалари нима, биласизларми? Билмасанглар, айтиб қўяйин. Биринчи навбатда, амали, иккинчи навбатда, гапи. Силлиққина, ниҳоятда бежалган, аммо икки тийинга қиммат бўлган гапи. Ана шулари уларни сасишдан сақлаб туришади… Эслайдиган бўлсак, Тоғли туманининг каттаси. Бир куни келиб қолди. Иш билан шаҳарга тушган экан… Кириб келди хонамга. Боя айтган костюм-шимдан ташқари бўйнига қип-қизил бўйинбоғ тақиб олибди. Сочини шунчалик силлиқ тараганки, модада хотинлар хижолат. «Ака, бир машина «молингиз»дан керак», дейди. Ярамас, «молим»нинг отини айт. Сигирга, ҳўкизга ўхшатма. «Ҳалиги, энг тозасидан берасиз. Яқинда тўй қиляпман. «Тоғнинг тепасидан» нозик-нозик меҳмонлар келишади». Ҳимм, дедим. Агар нозик-нозик меҳмонларингиз тоғнинг тепасидан келишаётган бўлишса, ёмон совуқ-совуқ экан-да. Гапим каттага ёқди. Қиқирлади. Энди катта бўлиб, жа, каттамасда, шунинг учун гапим гўё унга наша қилди-да. Агар вилоят катталаридан бўлганида бирдан қовоғини осилтирарди. Аммо улар ҳам менга қаттиқроқ гапира олишмасди. Фақат кўрсаткич бармоқларини лаблари устига қўйишиб, «тисс», дейишарди. Бу гапларингизни биров эшитмасин, дейишарди. Сабаби, улар менга муттаҳам. Неча марталаб текиндан-текинга «молим»ни олиб кетишган, тўйларини ўтказишган. Еб қўйганидан кейин, оғзи булғанганидан кейин муттаҳам бўлишади-да… Хўш, нимага келгандик. Ҳа, анави туманнинг каттаси… «Тўғри айтасиз, ёмон совуқ», деди. «Тепа совуқ бўлади-да, юзларига уриб кетган», деди. Кейин «Даниядан махсус тўрт «чангалак» олиб келтиртирдим. Ишонасизми, бўлмаскан. Ҳаддан зиёд тоза. Кейин ўзимизникидай ўткир эмас экан. Ўзиям атайлабдан биттасини очиб кўрдим. «Ельцин» деганини… Ҳали, дедим мен унга, овозимни баландлатиб, уларники ҳаддан зиёд тоза бўлиб, бизники нотоза бўлиб қолдими?! У менинг жаҳлим чиққанини дарров сезди. Тур, йўқол, деб юборишимдан қўрқди. «Тушунмадингиз, ошна. Мен уларники билан ўзимизникини таққослаш учун шундай қилдим. Уларга олдин уларникидан, кейин ўзимизникидан ичириб кўрсатаман. Фарқини сезишсин, дейман-да», деди. «Қанча керак?» Бирор «КаМАЗ» бўлса, етади. Мен унинг гапига кулиб юбордим. Ноинсофнинг айтаётган гапига қаранг. Бирор «КаМАЗ»миш… Менга қаранг, сиз тўй қиляпсизми ё бошқа нарса… Чойниям шундан дамлатасизми, дейман-да. Йўқ, деди у. Юқоридан келганларни қуруқ қўл билан қайтаролмайман-ку. Кейин кўпкари ҳам бор… Бўпти, дедим унинг гапига жаҳлим чиқиб. Эртага эрталаб етиб боради… Мен-ку, гапида турадиган одамман. Бир нарсанинг ваъдасини бердимми, албатта, устидан чиқаман. Ёки шунга ҳаракат қиламан… Лекин… Ўша тўйга мен ҳам бордим. Катта касал бўлиб қолибди. Ёмон касал бўлибди. Нақ юрагининг битта қисми ишдан чиқиб қолибди. Уни зудлик билан пойтахтга олиб кетишибди. Шу керак чоғи, энг яқин қариндошининг ўғлига фалон жойга борасан, фалончи акага учрашасан, бир «КаМАЗ» «моли»дан бериб юборади, дебди. Ҳа, ҳақиқатан ҳам, ўша бола мен билан учрашди. Бериб юбордим. У бўлса, мен бериб юборганларнинг тўқсон фоизини дўконларга тарқатибди-да, унинг ўрнига қўл боласидан, арзонидан юклаб борибди… Ҳатто менинг олдимга ҳам ўша қўл боладан қўйди. Ёмон жаҳлим чиқди. Кейин кулгим қистади. Ўғрини қароқчи урибди-ку, дедим. Хуллас, айтмоқчи бўлганим, ўшандай пўрим кийинганларнинг ҳам ҳамма ёқлари сасиб ётишибди…» Ўткирни хаёлидагилари қитиқлади. У кулди.
Унинг «иззати битди». Сабаби, тузалган эди. Ўзи турарди. Ўзи ўтирарди. Юрарди. Столнинг уситидаги ноз-неъматлардан ерди. Ҳаттоки ётволиб, оёқларини чалиштириб телевизор кўрарди. Ҳа, унга телевизор олиб келиб беришди… Ахир шунча пулини олишди. Битта телевизор беришмаса, уят-да.
Дарвоқе, бу ернинг каттаси нақ саккиз марта хабар олди. «Иложи бўлганида, сизни шу ерда олиб қолардим. Чўлу биёбонда қийналмасдингиз, аммо имкони йўқ-да. Аммо сизни хавфдан қутқариб қолдим. Бир-иккитасига тузалаётганлигингиз ёқмаётган экан. «Қўйинглар, тегинманглар. Мумкинмас», дедим. Лекин гапимга қулоқ солишмади. Сўнг мажбур бўлдим, оёғимни «газ»га теккизишга. Чунки мен ҳам ўзидан-ўзи бу ерга бошлиқ бўлиб қолмаганман», деди.
Аслида, умуман бунақа гап бўлмаганди. Сўнгги пайтларда Ўткир билан «ишлаётганлар»ни фақат битта нарса қизиқтирарди. Қандай бўлмасин, унинг пулларидан кўпроқ ундириб қолиш. Ахир бундай имконият бошқа умуман бўлмаслиги мумкин.
Шундай қилиб, у ҳам ўзининг «ҳақи»ни олиб қолди. «Мен бутун танамни қамраб олган лойқадан, балчиқдан, кирдан қандай қутулишнинг йўлини билмай ҳалакман. Булар бўлса, шунга интилишади. Дунёнинг ишлари ҳам қизиқ экан-да», дея ўйлади Ўткир.
Бошлиқ масаласига келсак, у умуман ҳеч нима қилмаганди. Ўткирнинг яна танобини тортиб қўядиганлар келишмаган. Ундай одамнинг ўзи бўлмаган. Ва у бировнинг олдини тўсиб қўймаган. Шунчаки ҳақимни олиб қолай, деди. Мен ҳам бир нимали бўлиб қолай, деди. Ҳамма еганда мен қуруқ қоламанми, деди. Бу одамнинг исми Абди эди. Сирғалида «дом»да турарди. Ўзини яхши кўрсатишнинг устаси эди. Ким билан пул ҳақида гаплашса, иккала қўлини ҳам икки томонига ёярди. Шу ойликка амал-тақал қилиб яшаб юрибмиз, дерди… Аммо бир жойдан униши мумкин бўлган нарсани кўриб қолса, тиш-тирноғи билан ёпишарди. Ундирмагунча ухламасди ҳам… Яна унинг ажойиб битта «фазилати» бор. Агар бирорта тенгқури машина-пошина олганини эшитиб қолса борми, бирдан қон босими ошиб кетарди. Нега? Нега у машинали бўлади? Нега ўша машинани мен ололмайман… Буни қарангки, у ўзини-ўзи ҳам алдарди. Чунки бемалол машина сотиб олса бўларди. Пули бор. Ахир оз мунча одамдан пора олмаган. Унинг «даргоҳи»га кимки «иши» тушиб келса, албатта, биринчи ўйлагани шилиш бўлади…
Мана, Ўткирдан ҳам ундирди. Бошқалардан оладиганидан ўн баробар кўп олди. Маза қилди. «Кечқурун кўзи қисиқ, сочи калта, дўмбоққина хотинимга бераман. Вой, шунақа пайтда у чек-чегарасиз хурсанд бўлади. Бир марта бўйнимдан қучган. Ўпиб олган. Ваҳоланки, унга уйланганимдан бери ўзи хоҳлаб, яхши кўриб кетганидан мени ўпмаган», дея кўнглидан ўтказди.
Ўткирни «кўчиришди». Ахир у соғайган эди. У ҳисоб-китобини олиш керак эди. Кейин «жойига» жўнатиш керак эди. Шунинг учун ҳам кўчиришди.
Кўчиришларидан олдин Ўткирни укаси билан кўриштиришди. Кечки пайт эди. Кўринишининг ўзиёқ қўрқинчли бўлган машинага Ўткирни чиқаришларидан олдин адвокат Саттор келди.
— Ака, анави илтимосингизни бажариб қўйдим. Ҳозир битта хонага кирасиз, укангиз кутиб турибди, — деди.
(Асардан парчанинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)