Нуриддин Исмоилов асари: “Гуноҳкор” (5-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Гуноҳкор” (5-қисм)

Ўткирнинг юрак уриши бирдан тезлашиб, ҳаяжонланди. Негадир ўпкаси тўлди. Кейин бирдан хаёлига «Ёлғон», деган ўй келди. «Шундай деб мени битта хонага олиб киради-да, кейин обдан тепкилайди. Қарабсанки, мен чалажон бўлиб қоламан. Бу ҳойнаҳой, Абди бошлиқнинг иши бўлса керак. Олгани камлик қилган. Яна ундиришни ният қилганга ўхшайди. Ярамас, шуни очиқ-ойдин айт. Бераман. Шуни, албатта, қандайдир песликдан кейин ундирасанми», деб ўйлади.

Бироқ Саттор алдамаган экан. Ҳақиқатан ҳам, Маҳкам кичкинагина хонада стулда ёлғиз ўтирган экан. Уни кўриши билан ўрнидан сапчиб турди. Маҳкам бақувват бола. Ёшлигида спорт билан шуғулланган, ҳар кафтига бир лаган ош сиғадиган бола. Калласи катта, бўйи узун. Томоғидан ҳам жун чиққан бола. Қошлари бир-бири билан туташиб кетган, қалин, узун. Кўзлари катта-катта бола. Яна овози ҳам дўриллаган. Эшитган одамни чўчитадиган овоз.

— Акажон! — деди у қучоғини очиб, — акажоним ўзимнинг!..

Ўткир укасининг қучоғида йўқ бўлиб кетди. Ўткирнинг кўзларидан дувиллаб ёш оқди. Ўткир ўкириб юбормаслик учун лабларини маҳкам тишлади.

— Ака, тўкилиб тамом бўлдим. Ака, ўлиб қолишимга сал қолди. Сизни яна тирик кўриш насиб этармикин, деб кечаю кундуз ўйладим!.. Яхшиям отамиз билан онамиз ўлиб кетишган экан. Йўқса, сизнинг бу аҳволга тушганингизни кўриб, бир нарса бўлиб қолишарди!..

— Бўлди, укажоним! Бўлди! — деди Ўткир йиғи овозида. — Мана, тирикман. Мана, соғломман!.. Пешонамда шу кунлар ҳам бор экан, кўряпман!

Ўткирнинг юраги сиқилди. Шу боисдан укасининг қучоғидан чиқди. Укасига бошдан-оёқ қаради.

— Озибсан, — деди.

— Ака, ҳеч нарса қилмайди. Менинг семириб олишим қийин эмас. Ўзингиздан гапиринг.

— Мен кўриб турганингдайман.

— Эшитдим, ака. Ҳаммасидан хабарим бор. Бир куни бизнинг кўчамиздан ҳам арава-парава ўтиб қолар. Унинг чанги кўтарилар. Ана шунда яхшилаб гаплашиб қўяман.

— Жим, — деб Ўткир укасининг кўксига кафтини қўйди, — деворнинг ҳам қулоғи бор. Ҳаммаси яхши. Ўйлаганимдан бир неча марта яхши… Вақтим жудаям зиқ. Саттор тез гаплашинг, деди. Биров билиб қолмасин, деди. Ҳамма яхшими?!

— Ҳамма отдай. Битта хунук нарса бор. Шуни ҳозир эшитинг. Чунки азобни биттада ўтказиб юборинг!

Ўткир укасининг юзига термилди. Лаби титради.

— Анави битта хотинингиз кетди. Кичкинаси. Олиб берган уйингизни сотди-да, Туркияга кетди. Манжалақининг мажағини чиқариб ташлардим, лекин кеч эшитиб қолдим. Машинани ҳам сотибди!..

Ўткирнинг ичида бир нарса чирт этиб узилгандай бўлди. Кўзини юмди.

— Ака, орқасидан бориб бир ёқли қилиб келайми? Ёки…

— Тисс, — деди яна Ўткир, — тилингга эҳтиёт бўл. Йўқ, керакмас. Яхши бўлибди. Мана шундай пайтда одамнинг кимлиги билинади. Ҳаром нарса ҳаромга кетибди-да!.. Бошқалар тинчми?!

— Тинч, ҳамма яхши.

— Бўпти, ука, унда. Менга қараб туришибди. Юр. Машинагача кузатиб қўй.

Аммо Маҳкам акасини кузатолмади. Қўйишмади.

* * *

У «даволаниш зонаси»дан ташқарига чиқди. Эҳтиёткор бўлиб қолган эди. «Иномарка»сини яқин ўртоғининг уйига олиб бориб қўйди-да, «Нексия»га ўтиб олди. Шуниси яхшироқ. Билганлар «Роса тушишди булар. Ияклари осмонда юришарди. Бировни бир тийинга олишмасди. Мана, эл қатори «Нексия»га ўтиб қолибди»,  дейишсин, деди. Кейинроқ, ҳаммаёқ босди-босди бўлгач, яна ўзимнинг машинамни миниб юравераман, деди.

Ҳозир «Нексия»сининг юкхонаси егулик, ичгуликларга тўла. У бугун акасини бошқа жойга ўтказишларини билмас эди. Шу боисдан яхшилаб бозорлик қилиб олганди. Бозорлигининг ҳаммаси акасига етиб бормайди. Бироқ бир қисми борганида ҳам акаси йўқ деганда уч кун, «зона»нинг овқатидан емайди…

Акасини «ортган» машина дарвозадан чиқиб кетди. Маҳкам ортидан бормоқчи эди. Югуриб келган Саттор қўймади.

— Маҳкамбой, бунақа машиналарнинг ортидан югуриб бўлмайди. Дарров керакли жойларга хабари кетиб қолади. Яна Қўрғонга олиб боришади. Аллақачон жойларни ўзим тайёрлатиб қўйганман… Хавотир олманг, ҳаммаси зўр бўлади. Бундан бу ёғига Ўткир аканинг бошидан бир дона сочи тўкилмайди, — деди.

— Онамдан ёлғиз ёдгорлик акам. Қандай хавотир олмай?! Шуни кеча айтганингизда…

— Маҳкамбой ака, режа бор эди. Мана, айтганимдай бўлди. Ўткир акани кўрдингиз, икки оғиз гаплашдингиз. Мен сизга кўриштираман дегандим-ку. Ҳаммаси зўр бўляпти. Энди машинани бирорта тинчроқ жойга ҳайданг. Ўтириб, гаплашиб оламиз.

Энг тинч жой Маҳкамнинг ўз қаҳвахонаси. Ўзининг номида эмас, Ўтбосар исмли дўстининг номида. Қаҳвахонани ўша дўстининг ўзи юритади. Маҳкам унга деярли шунчаки бериб қўйган. Ойига минг доллар ижара ҳақи олади. Ўтбосарнинг мижози жуда кўп. Чунки Ўтбосар тиши чиққанидан бери ошхонада. Ошпаз. Аввал отаси ошпаз бўлган. Ўтбосарни доим ўзи билан бирга олиб юрган. Ошпазликни миридан-сиригача ўргатган. У пайтлари собиқ иттифоқ даври эди. Хусусий ошхона йўқ эди. Иттифоқ тарқаганидан кейин Ўтбосар бир чалкашди. Ҳаётини хотини остин-устун қилиб юборди. Биттасига кўнгил бериб қўйган экан… Ўтбосар бир йил ўзига келмади. Бу пайтда отаси ўтиб кетган эди… Бир йил роса «тортди». Ўзининг бечоралигини сира сингдиролмади. Қарийб алкаш бўлиб қолганди. Иттифоқо, Маҳкам дуч келиб қолди. Ахир уларнинг борди-келдилари йўқ ҳисобида, ҳар ким ўзи билан ўзи овора бўлиб қолган эди-да. Маҳкам бир жойда ўтирмас, доим акасининг хизматида эди-да. Маҳкам истироҳат боғининг ёнида, чорраҳада тўхтади ва беихтиёр кўзи ўриндиқда ўтирган пиёнистага тушди. Қандайдир танишдай эди у. Бир муддат унга тикилиб қолди. Чорраҳанинг яшил чироғи ёнди. Ортидаги машиналар «баб, баб» қилишди. Аммо у пинагини ҳам бузмади. Кейин машинасини чорраҳадан ўтказиб, йўл четига тўхтатди. Тушди. Пиёнистанинг ёнига борди ва не кўз билан кўрсинки, ўн йил бирга ўқиган дўсти Ўтбосар. Ўзига-ўзи бир нарсаларни гапириб ўтирибди. Индамай ёнига ўтириб олди. Ўтбосар уни танимади. Бир қаради-да, бурнини тортиб қўйди. Сўнг кўйлагининг кўкрак чўнтагидан ярми чекилган папиросни олди-да, бир амаллаб тутатди. Тутунни ичига ютганидан сўнг яна Маҳкамга қаради:

— Ака, озгина пул бериб туринг.

Уни кузатиб ўтирган Маҳкам сал бўлмаса додлаб юбораёзди. Бутун танаси титради ва секин чўнтагига қўлини тиқиб бир даста доллар олди-да, Ўтбосарга узатди.

— А-а-а-а-а, мен, мен… Ака, ака, нима қиляпсиз? — деди Ўтбосар Маҳкамнинг катта кафтидаги долларни кўриши билан.

— Сенга беряпман…

— Мен… Мен бунча… Битта барматухага етса… Мен…

Маҳкам унинг калласига битта шапалоқ туширди.

— Ол, буни! — деди жаҳл билан.

Кўзлари ола-кула бўлган Ўтбосар қалтираган қўлларини Маҳкам томонга узатди.

— Ит! Нима аҳволга тушдинг?! Нима, мени танимадингми?! — деди Маҳкам жаҳл билан.

Шундан кейингина Ўтбосар кўзини қисиб Маҳкамга қаради. Таниди. Кўзидан ёш чиқди.

— Жўражон! — дея ўкириб юборди ва Маҳкамни қучоқлаб олди. — Мен тамом бўлдим! Мен ўлдим, Маҳкам! Мени олиб бориб кўмиб ташла, Маҳкам!..

— Тур ўрнингдан, ҳайвон! Мен сенга тамом бўлганингни кўрсатиб қўяман!.. Юрагимни расво қилдинг!  Тур, ўрнингдан!..

Озиб-тўзиган, соқоллари ўсган, ҳаммаёғи кир Ўтбосарни қўлидан етаклаб машинасига ўтқазди. Кейин ўзи рулга ўтириб газни босди!.. Тўғри акасининг ҳаммомига олиб борди. Акаси ҳаммом қурган. Ҳаммомнинг ҳаммомлиги билинмайди. У жуҳуд маҳалланинг ўртасида. Ер остида. Атрофи дарахтлар билан ўралган. Акаси ҳали уни ишга туширмаган эди. Аммо ҳафтада икки марта иситиларди. Бир куни Ўткир учун. У улфатлари билан бирга чўмилар, қиттай-қиттай қиларди. Иккинчи кун Маҳкам учун. Бугун айнан ҳаммом Маҳкам учун иситиладиган кун эди.

Ҳаммомчига:

— Буни обдан эзғила, чиққанида бир жойида гард кўрмай, — деди.

Ўзи эса олдинига хотинига қўнғироқ қилди. Бугун ҳаммом ишламайди. Уйда душда чўмилиб қўя қолинглар, деди. Кейин сартарошнинг телефон рақамини терди. Асбоб-ускунангни кўтариб кел, деди. Ана ундан кейин таниш дўкондорини чақирди. Ўтбосарнинг ўлчамини чамалаб айтди. Тўла бошдан-оёқ кийим қилиб кел, уч нусхада деди… Сўнг муштини пешонасига тираб, ўпкаси тўлиб ўтирди. Чунки Ўтбосар унинг энг яқин жўраларидан биттаси эди. Улар мактабда битта партада ўтиришганди. Ўтбосар ақлли, фаросатли, бир сўзли, ишончли бола эди. Маҳкам ундан ўрнак олишга ҳаракат қиларди… «Ишим зўр бўлиб кетди. Топаётган пулимни йиғсам, бир тоғ бўлади. Лекин ошнамни бир марта ҳам сўрамабман. Шу ҳам инсофданми, шу ҳам одамгарчиликданми?» деди. Ва машинадан бир шишани олиб келди. Ҳаммом қоровулининг қўлига пул берди. Югуриб бориб майда-чуйда қилиб кел. Ярим соат вақт, деди.

Ўтбосар чўмилиб бўлгач, соч-соқоли олиниб,  янги  кийим кийганидан кейин ажабтовур одам бўлиб  қолди.  Бир кийим-бошига қарайди, бир Маҳкамга қарайди. Безовталанади. Унга ҳавас билан термилиб турган сартарош, ҳаммомчи, дўкондор олдида ноқулай бўлади. Бир нарсалар дегиси келади-ю, бироқ тили айланмайди.

 

(Асардан парчанинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

Дўстларингизга ҳам юборинг: